10:29 / 09.12.2017
18762

Бошини микротўлқинли печда «цементлаб» қўйган блогер мушкул аҳволга тушиб қолди 

Скриншот: Youtube

Буюк Британиянинг Вулверҳэмптон шаҳрида яшовчи 22 ёшли видеоблогер ўз бошини микротўлқинли печда «цементлаб қўйди» ва мустақил равишда чиқара олмади. У ўт ўчирувчиларни ёрдамга чақиришга мажбур бўлди.

Эркак етти қоп шпаклёвкани аралаштирган ва бу қоришмани микротўлқинли печга қуйган. У бошига пакет кийиб олди, унда нафас олиш учун махсус трубка бўлган. Сўнг видеоблогер бошини шаклга тиқди ҳамда қоришма қотишини кута бошлади. Жараён тезлашиши учун эркакнинг дўстлари уни фен билан ҳам қуритишди.

Британиялик микротўлқинли печни қуйиш учун шакл сифатида қўлламоқчи бўлган, бироқ мустақил равишда бошини чиқара олмади. Дўстлари бунга бир ярим соат сарфлашди, бироқ уддалашмади, охири улар ўт ўчирувчиларни чақиришган.

Навбатчи смена бошлиғи Шон Дейкиннинг маълум қилишича, «бу кулгили ҳолат бўлишига қарамай, эркак бўғилиб қолиши ёки жиддий жароҳатлар олиши мумкин эди». Микротўлқинли печь ечиб олинди, бироқ, ўт ўчирувчилар амалиётни тўғри бажариш мақсадида фавқулодда ҳолатлар билан шуғулланувчи қутқарувчиларга қўнғироқ қилишди. Бу жараёнга тахминан бир соат вақт кетди.

“Биз унинг бошидан катта шпаклёвка бўлагини отвёртка ёрдамида чиқариб олганимиздан сўнг, у анча енгил тортди ва нафас олиши осонлашди. Бироқ биз жуда эҳтиёткорлик билан ишладик, сабаби отвёртка унинг бошига жуда яқин эди. Биз уни озод этиш учун бир соат вақт сарфладик. Бироқ, бу ҳолат туфайли биз инсонлар ҳақиқатдан ҳам оғир аҳволга тушиб қолган жойларга етиб бора олмадик”, - деди навбатчи смена бошлиғи Шон Дейкин.

Ўт ўчирувчилар бу ишни твиттердаги саҳифада ҳам қоралашди. Пранкернинг Youtube’да ўз канали бор. У бунга қадар ваннада ўз устидан қурилиш кўпигини қуйган, чили қалампирида чўмилган, шунингдек бир кун музлаткичда ўтирган. 

Top