20:13 / 09.12.2017
7376

Йилнинг энг яхши автоспортчилари тақдирландилар

Фото: Twitter

Парижда Халқаро автоспорт федерацияси гала-маросими бўлиб ўтди. Маросимда йилнинг энг яхши автоспортчилари тақдирландилар.

Маросимда “Формула-1”нинг жорий мавсуми чемпиони, британиялик Льюис Ҳэмилтонга чемпион кубоги топширилди. Спортчи бу юксак номга 4-марта эришди. 

“Бу ажойиб йил бўлди. Умид қиламанки, кейинги йил ундан ҳам яхшироқ бўлади. Мен бунинг учун нима қилишни биламан”, деб айтган Льюис мукофотни олгач.

2017 йилги мавсумда Ҳэмилтон пойганинг 20 та босқичидан 9 тасини юта олган.

Пойганинг яна бир вакили Макс Ферстаппен учинчи йил қаторисига йил шахси деб тан олинди. У жорий мавсумда Малайзия ва Мексикада ғолиб бўлди ҳамда якуний натижаларга кўра 6-ўринни эгаллади.

“Заубер” жамоасининг янги аъзосига айланган Шарль Леклер “Энг яхши янги пойгачи” соврини билан тақдирланди. Леклер жорий мавсумда “Формула-2” пойгасида илк бор иштирок этиб, чемпионлик унвонини қўлга кирита олди. Леклер кейинги мавсумдан “Формула-1”да иштирок этади.

Британиялик пойгачи Билли Монгер маросимнинг махсус мукофоти билан тақдирланди. “Формула-4” пойгаси иштирокчиси бўлган Монгер 2017 йил апрелда Доннингтондаги пойгада жиддий аварияга учраб, иккала оёғидан маҳрум бўлган. Монгер автоспортга яна қайтиш истагида ва ҳозирда тикланиш жараёнидан ўтмоқда. Монгер мукофот учун саҳнага ўзи мустақил чиқиб, маросим ўтган Версал саройида йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро автоспорт федерацияси 2018 йилги “Формула-1” тақвимини тасдиқлади. Унга кўра 69-жаҳон чемпионати 25 март куни Австралияда бошланиб, 25 ноябрда Абу-Дабида якунланади.

Top