Ўзбекистон | 13:00 / 09.12.2017
17003
2 дақиқада ўқилади

Президент қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан қутлади

Фото: President.uz/Архив

Бугун мамлакатда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда. 

Айни пайтда пойтахтдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри хабар берди.
  
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларини табриклади. Қишлоқ хўжалигидаги эришилаётган ютуқлар эътироф этилгани ҳолда, келгусидаги муҳим вазифаларга эътибор қаратилди. 

Мамлакат тараққиёти, халқ турмуш фаровонлиги таъминланиши, экспорт салоҳияти ошишида иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалигининг роли ниҳоятда катта. Шу боис соҳага бозор муносабатларини жорий этиш, мулкдорларнинг янги синфини шакллантириш,  уларнинг амалда мустақиллиги ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. 

Қайд этилганидек, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида республикамизда кейинги йилларда 160 мингдан зиёд салоҳиятли фермер хўжаликлари шаклланди. Улар бугунги кунда аграр тармоқнинг ўнлаб йўналишларида самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Охирги икки йил ичида кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони 45 фоиз кўпайди. Яъни деҳқончилик ёки чорвачилик билан чекланиб қолмасдан, замонавий технологиялар ёрдамида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни муваффақиятли ўзлаштирган, шунингдек, транспорт, техник ва маиший хизматлар кўрсатиш каби қўшимча йўналишларни йўлга қўйган илғор фермерлар умумий сони 75 минг нафарга етди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид