Жамият | 10:00 / 10.12.2017
12163
4 дақиқада ўқилади

Бугун Нобель мукофотлари ўз эгаларига топширилади

10 декабрда Стокгольмда 2017 йил учун тиббиёт ва физиология, физика, кимё ва адабиёт ҳамда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотлари ўз эгаларига топширилади.

Мукофотларни топшириш маросими Концерт залида Тошкент вақти билан соат 20.30да бошланади. Нобель мукофотларининг янги эгалари номлари октябрь бошида эълон қилинганди. Улар 11 кишини ташкил қилади ва уларнинг барчаси маросимда иштирок этади.

Мукофотлар топширилиши ҳар доим 10 декабрда – Алфред Нобелнинг вафот этган куни бўлиб ўтади ва Ослодаги ратушада бошланади. Нобелнинг васиятига кўра, тинчликни мустаҳкамлаш учун мукофот айнан шу ерда ўз эгасига топширилади. 2017 йилда унга Ядровий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро кампания ICAN муносиб топилди. Тинчлик учун мукофотни топшириш маросими Тошкент вақти билан 17.00да бошланади. ICAN ташкилоти 2007 йилда ташкил этилган ва 100 дан кўпроқ давлатдаги 460 жамоатчилик ташкилотини бирлаштиради. Унинг бош идораси Женевада жойлашган. Ташкилот номидан мукофотни унинг ижрочи директори Беатрис Фин ва 1945 йилда Хиросима атом бомбардимонини бошдан кечирган ва ядровий қуролни тақиқлаш кампаниясининг фаолига айланган Сецуко Турлов оладилар. 

Физиология ва тиббиёт учун Нобель мукофоти америкалик профессорлар Жефри Холл, Майкл Росбаш ва Майкл Янгга “ҳужайра соатлари”ни очганлари учун топширилади. Ҳужайраларнинг автоном “ички соатлари” уйқу, гормонал даража, ҳарорат ва моддалар алмашинуви каби муҳим жараёнларни назорат қилади. Ҳужайраларнинг яхши ишловчи ритми организмнинг соғлом бўлиши учун муҳимдир.  

Физика бўйича Нобель мукофоти келиб чиқиши германиялик бўлган, АҚШда ишловчи Райнер Вайсс ҳамда америкалик профессорлар Барри Бэриш ва Кип Торнга топширилади. Улар бу мукофотни лазер-интерферометрик гравитацион-тўлқинли обсерватория LIGO ишига қўшган ҳиссалари учун олишмоқда. Бу гравитацион тўлқинларни тажрибавий аниқлашни мумкин қилди. Гравитацион тўлқинлар мавжудлиги тахминини 100 йил аввал Альберт Эйнштейн илгари сурган. LIGO 20 та давлатнинг 80 га яқин илмий ташкилотидан мингдан кўпроқ олимнинг биргаликдаги лойиҳаси бўлди. 

Кимё бўйича мукофот АҚШда ишловчи, келиб чиқиши германиялик бўлган Йоахим Франк, Жак Дебуши (Швейцария) ва Ричард Хендерсенга (Буюк Британия) криоэлектрон микроскопияни яратганлари учун топширилмоқда. Бу усул “биокимё харитасида” кўплаб мавҳумликларни тўлдиришга имкон беради. Энди олимлар бу усул эвазига биомоллекулаларни ҳаракат вақтида музлата оладилар ва аввал ҳеч ҳам кузата олмаган жараёнларни кузатишлари мумкин. 

Швед тили ва адабиётини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун 1786 йилда ташкил этилган Швед академияси бугунги кунда адабиёт бўйича Нобель мукофотини бериш учун масъул ҳисобланади. У бу мукофотни келиб чиқиши япониялик бўлган британиялик ёзувчи Кадзуо Исигурога беришга қарор қилди. Академикларнинг таъкидлашича, ёзувчи ижоди катта ҳиссий куч билан ажралиб туради. Исигуро тадқиқ қиладиган мавзулар хотира, вақтнинг инсон тақдиридаги аҳамияти ва ўз-ўзини алдаш кабиларга тааллуқли.  


Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик профессор Ричард Талерга топширилади. У хулқ-атвор иқтисодиёти соҳасидаги назарияларни ривожлантириш учун қўшган ҳиссаси учун бу нуфузли мукофот билан тақдирланди.  

2017 йилда ҳар бир йўналиш учун мукофот пули 9 млн швед кронини (1 млн долларни) ташкил қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид