Жаҳон | 13:47 / 07.10.2025
2516
2 дақиқада ўқилади

Осло аэропорти дрон туфайли самолётлар қўнишини вақтинча тўхтатди

Осло аэропорти дрон аниқланганидан сўнг қўнишларни вақтинча тўхтатди. Расмийлар кузатувни тасдиқламади, аммо текширув учун парвозларни вақтинча кечиктирди.

Фото: Creative Commons

Avinor операторига кўра, Норвегия пойтахти Осло аэропорти 6 октябр, душанба куни аэропорт яқинида дрон аниқланганидан кейин бир ёки бир нечта қўнишларни тўхтатди. NTB ахборот агентлиги хабарига кўра, полицияга ярим тунда (Тошкент вақти билан 03:00) Norwegian Air авиакомпанияси учувчиси қўнишга яқинлашаётганда учтадан бештагача дронни пайқагани ҳақида хабар келган. Буни кейинроқ тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

«Бир ёки бир нечта самолёт вазият аниқ бўлгунга қадар ҳавода кутишга мажбур бўлди. Бошқа аэропортларга қайта йўналтириш бўлмаган», — дея хабар берди Avinor вакили. Оператор маълумотларига кўра, аэропорт ишида бошқа ҳеч қандай узилишлар қайд этилмаган. Тез орада аэропортда тўлиқ ҳаво қатнови тикланди.

Охирги ҳафталарда Европа авиацияси дронлар ва ҳаво ҳудудининг бузилиши ҳақидаги хабарлар туфайли бир неча бор муаммоларга дуч келди.

Осло аэропорти 23 сентябрга ўтар кечаси яқин атрофда учувчисиз учоқлар аниқлангани сабабли ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган эди. Расмий равишда кимга тегишли экани аниқланмаган дронлар Норвегиянинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, Данияда ҳам кузатилган ва улар бир неча аэропортларнинг ёпилишига олиб келган.

Сўнгги пайтларда Вилнюс ва Мюнхен аэропортларида ҳам дронлар иш тўхташига сабабчи бўлди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид