Жаҳон | 16:14
1266
3 дақиқада ўқилади

Осло аэропорти дрон сабаб учиш-қўниш йўлагини вақтинча ёпди

Номаълум дрон Гардермуэн аэропорти яқинида кўрингани учун шарқий учиш-қўниш йўлаги ёпилди. Полиция дрон операторини ҳам, дроннинг ўзини ҳам топа олмади.

Фото: REUTERS

Норвегиянинг энг йирик ҳаво дарвозаси — Осло яқинидаги Гардермуэн аэропорти парвозлар тақиқланган ҳудудда кўринган учувчисиз учиш аппарати (дрон) сабабли учиш-қўниш йўлакларидан бирини вақтинча ёпди. Бу ҳақда NRK медиакомпанияси якшанба, 11 январ куни ўз сайтида хабар берди.

Қайд этилишича, дрон 10 январ куни кундузи аэропорт яқинида қайд этилган ва бу ҳақда полиция хабардор қилинган. Полиция ходимлари дронни бошқарган операторни аниқлашга уринган, аммо бу уринишлар самара бермаган. NRK хабар қилишича, дрон ҳам йўқотилган, шундан сўнг ҳодисани жойида тергов қилиш тўхтатилган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан аэропорт раҳбарияти шарқий учиш-қўниш йўлагини вақтинча ёпди, деб маълум қилди аэропорт матбуот котиби Каролине Педерсен. Барча учиш ва қўнишлар ғарбий йўлакка йўналтирилган. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда ҳаво ҳаракати жуда фаол бўлгани учун ҳодиса кичик кечикишларга сабаб бўлган.

TV2 телеканали маълумотига кўра, 10 январ куни соат тахминан 14:30 да учиш-қўниш йўлаги яна ишга туширилган.

2025 йил кузи бошидан буён Европа бир қатор мамлакатлари аэропортлари иши улар ёнида номаълум дронлар пайдо бўлиши сабаб издан чиқиб келмоқда. Хусусан, сўнгги ойларда дронлар Даниядаги аэропортлар устида, Швециянинг энг йирик ҳарбий-денгиз базаси жойлашган Карлскруна атрофида, шунингдек Ослодаги ҳарбий объектлар устида кўрилган. Белгияда эса дронлар нафақат аэропортлар, балки НАТО базаси устида ҳам учган.

Германияда дронлар мамлакатнинг энг йирик аэропортлари — Франкфурт-Майн, Мюнхен ҳамда Ҳанновер аэропорти ишида узилишларга олиб келган. Шунингдек, дронлар мамлакат шимолидаги Кил шаҳри устида ҳам кўрилган.

Айрим кузатувчилар бу каби ҳодисаларни Россиянинг Ғарбга қарши гибрид ҳужумлари тури деб ҳисоблайди. Бироқ Европада дронлар учирилишига Москва алоқадор эканига далиллар йўқ. Россия президенти Владимир Путин бундай айбловларни олдин ҳам рад этган ва Европа шаҳарларида Россия дронлари учун нишонлар йўқлигини айтган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид