Ўзбекистон | 01:20 / 11.12.2017
39561
3 дақиқада ўқилади

Президент: "Энди ривожланиш нуқтаи назаридан ҳаракат қилган одамгагина ер берамиз"

Фото: President.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Республика қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам  тадбирида сўзга чиқиб, йилқичилик ва балиқчилик каби соҳаларга алоҳида тўхталиб ўтди. 

"Ҳозирги кунда республикамизда 15та йилқичилик насл хўжалиги фаолият юритмоқда. Улардан 3150дан зиёд зотдор от боқилмоқда. Зотдор қорабайир отларини кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида янги йилқичилик комплекси ташкил этилди. Тошкент вилояти ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай мажмуалар барпо этилмоқда. 

Охирги 20 йилда эътибордан четда қолган балиқчилик соҳасини тиклаш учун Ўзбек балиқ саноати уюшмаси ташкил этилди. Унинг тизимига 3600та балиқчилик хўжалиги киритилди. 

Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди. Вьетнам ва Хитой технологияси асосида интенсив усулда балиқ етиштириш, уни кўпайтириш, балиқ озуқасини ишлаб чиқариш борасида ушбу мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. 

Мана шу балиқчиликни "луқмаи ҳалол" деб ота-боболаримиз бекорга айтмаган. Бир пайтлар балиқчиликни бошлаганимизда 30 минг тонна ҳам йўқ эди. Салгина ҳаракат қилдик - 100 мингга етди, келгуси йил 150 мингга чиқаришга ҳамма имкониятимиз бор. 

Хитойни олайлик, 10 метргина сув ўтса ҳам, кўл қилиб балиқчиликни ривожлантиради. Ҳар бир фермер ўзи учун. Ҳафтада икки марта балиқ гўшти ейди. У соғлиққа ҳам, иқтисодиётга ҳам фойда. Шуни мана бориб кўрдингиз, нимаси оғир? 

"Ўзбекистонда мана 100 гектар ерим бор", деб мақтанамиз, "Ўша ердан даромад қанча?" деган саволга жавоб йўқ. Мана шу соҳаларни жой-жойига қўйса, даромад келади. Умримиз барибир шу далада ўтяпти-ку! Эрталабдан кечгача далада юргандан кейин, даромад ҳам топайлик. Салгина илм билан ишлайлик, ахир. 

Энди ер - рақобат, Ўзбекистоннинг ери олтинга тенг. Энди ривожланиш нуқтаи назаридан ҳаракат қилган одамгагина ер берамиз. Ҳамма шароит яратиб берамиз, лекин тизим, тартиб, назорат бундан ҳам қаттиқ бўлади. Даромад топиш учун ҳозир ўқиш керак. Ҳар бир сотих ердан тўғри фойдаланиш керак. 

Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарёда ҳар бир далада 20 та конверт деб олсак, 20 метрлаб далалар бўм-бўш турибди. Бунақада биз иқтисод қила оламизми?! Ердан унумли фойдалана оламизми?! Бунақада натижага эриша олмаймиз. "Келгуси йил байрамни қандай натижалар билан кутиб оламиз?" деган режани бугун қўйиш керак", - деди Шавкат Мирзиёев. 

 

Мавзуга оид