Ўзбекистон | 17:01 / 11.12.2017
13724
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Хитой автоқатнови тўғрисидаги битим 2018 йилда кучга киради

Фото: Президент матбуот хизмати

2018 йил 1 январь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида 2017 йил 12 майда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги битим кучга киради. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати хабар берган.

Битимнинг 21 моддаси шартларига мувофиқ ҳужжат томонларнинг дипломатик каналлар орқали давлат ичкарисидаги зарурий амаллар бажарилганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабари қабул қилган вақтдан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради. Хитой томонининг тегишли хабари 2017 йилнинг 2 декабрида қабул қилинди.

Битимнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида халқаро автомобиль ташувларини ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит ўтишларни амалга ошириш учун ўзаро мақбул ҳуқуқий шароитларни яратиш ҳисобланади.

Битимга мувофиқ, томонлар икки давлатдан бирида рўйхатдан ўтган транспорт воситалари орқали ваколатли давлат органларининг ўзаро келишуви асосида белгиланган йўналишда халқаро автомобиль ташувларини ўз давлатлари ҳудудида амалга ошириш ҳуқуқини берадилар.

Ҳужжатнинг шартларига мувофиқ, икки томонлама ва транзит ташувлар икки мамлакатнинг ваколатли органлари, хусусан, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ва ХХР Транспорт вазирлиги томонидан берилган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Шу мақсадда ваколатли органлар ҳар йили бир-бирига юклар олиб ўтиш учун рухсатнома бланкаларининг ўзаро келишилган миқдорини тақдим қилишади.

Мазкур Битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожланишига ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайиши учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли ташувлар бозорини шакллантиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид