Жаҳон | 19:45 / 12.12.2017
13042
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги портлаш ижрочисига айблов эълон қилинди

11 декабрь куни Нью-Йоркдаги автовокзал ёнида юз берган кучли портлаш ижрочиси, бангладешлик 27 ёшли Ақойид Уллага терроризм бўйича айблов эълон қилинди.

Ақойид Улла Манҳэттеннинг шарқий қисмида, Таймс-сквердан узоқ бўлмаган масофада жойлашган автобус терминали олдида қўлбола бомбани портлатиб юборганди.

Портлаш оқибатида Улланинг ўзи ва унинг яқинидаги уч киши жароҳатланганди.

Айни вақтда гумонланувчи шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.

New York Times хабарига кўра, Улла полициячиларга ҳужумни АҚШнинг Сурия ва бошқа жойлардаги ИШИД объектларига авиазарбаларига жавобан амалга оширгани, у ўтган йили Берлинда рождесто ярмаркаси пайтида амалга оширилган ҳужумдан илҳомлангани ҳақида айтган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум ижрочиси ҳеч қандай ташкилотга аъзо эмас.

Аввалроқ CNN телеканали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага таянган ҳолда, Юлла терговчиларга ҳужумни «Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари» туфайли амалга оширганини маълум қилгани ҳақида хабар берганди.

Қайд этиш керакки, бу Нью-Йоркда охирги пайтларда содир этилган навбатдаги ҳужум бўлди.

Октябрь ойида асли ўзбекистонлик 29 ёшли Сайфулло Соипов ижарага олинган автомобиль билан Манҳэттенда пиёдалар устига ҳужум қилган, 8 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жиддий жароҳатлар олганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид