Спорт | 12:52 / 14.12.2017
13436
6 дақиқада ўқилади

Доннаруммани йиғлатишди. У Райола ва «Милан» ўртасида жанг қурбони

Италия Кубогининг нимчорак финалида «Верона»га қарши ўйиндан олдин «Милан» фанатлари жамоанинг ёш дарвозабони Жанлуижи Доннаруммага ҳужум қилишди ва уни тинмай ҳақоратлашди: «Тезроқ даф бўл ярамас!».

Қўшимчасига трибунада шундай ёзувли баннер осилди: «Маънавий зўравонлик: йилига 6 млн евро маош ва текинхўр акасини судраб келиш? Энди даф бўл, сабр косамиз тўлди!».

Бу воқеалар Италия нашрларида кейинги кунларда тарқалган хабарлар билан боғлиқ. Келинг, бошидан кўриб чиқамиз.

• Сешанба куни Италиядаги йирик нашрлардан бири Corriere della Sera Мино Райола Доннарумманинг «Милан» билан ёзда имзолаган янги шартномасини бекор қилдирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабар тарқатди. Бу шартнома тузилиши ҳам футболчининг кетиши ҳақидаги можаролардан кейин тузилганди. Ўшанда ҳам жамоанинг ашаддий фанатлари Жанлуиджига агентининг ҳаддан ташқари кескин талаблари туфайли сохта пуллар ирғитишганди. 

• Райола – «Милан» ўртасидаги янги урушнинг сабаби шартномада дарвозабон аниқ товон пули белгилаб қўйилмаганидир. Бу туфайли Доннаруммани бошқа клублар сотиб олиши қийинлашади ва уни сотишни клубнинг ўзи ҳал қилади. Райоланинг ўзи кўп эҳтимол билан янги шартнома тузилган вақтда Миланда эмасди.

• Corriere della Sera маълумотига кўра, Райола «Милан» айни вақтда турнирларда омадсиз иштирок этаётгани, хусусан, А серияда еттинчи ўринда бораётганини баҳона қилмоқда. Агар у шартнома тузилишида қонундан ташқари ҳолатни кўрсатиб берса ва уни бекор қилдира олса, аввалги, муддати 2018 йилнинг ёзига қадар шартномага кўра, ёзда мижозини «Реал Мадрид» ёки «ПСЖ»га сотиши ва максимал даражада агентлик комиссиясини қўлга киритиши мумкин. «ПСЖ» ушбу дарвозабон трансфери борасида аллақачон Райола билан музокара бошлаган. 

• Sky Sport телекомпанияси қайд этишича,  Доннарумма янги шартномада товон пули кўрсатилмаслигини билган, бу ерда муттаҳамлик бўлмаган. Il Sole 24 Ore нашри эса «Милан» ва Доннарумманинг оиласи вакиллари янги шартнома ҳақида «мутлақо тинч муҳит»да, ҳеч қандай босимсиз шароитда келишувга эришишган. 

• Фанатларнинг баннерида Жиджининг маоши миқдори (йилига 6 миллион евро) ва унинг акаси Антонио Доннарумма «Милан»га 1 миллион евро эвазига олиб келингани ҳақида ҳам эслаб ўтилган. 

La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, Доннарумма ёзда 40 миллион еврога сотилиши мумкин. Corriere della Sera ёзишича эса, «Милан» уни 70 миллион евродан камига сотмайди. «Милан»нинг спорт директори Массимилиано Мирабелли эса бу хабарларни инкор этиб чиқди: «Биз ҳеч кимни сотмоқчи эмасмиз. Жиджи – ажойиб йигит, биз у билан гаплашиб олдик. У ҳеч қачон кетиш истагини билдирмаган. Бунинг барини бир жентльмен ташкиллаштирмоқда, аммо биз ҳамиша «Милан» манфаатларини ҳимоя қиламиз.

Мирабелли шунингдек, мухлислардан Доннаруммани ҳақоратлашни бас қилишни сўраган ва Мино Райола манзилига кескин сўзлар билдирган: «Биз Жиджини ҳимоя қилишимиз керак, ахир биз бу можаронинг илдизини биламиз ва тез орада вазият изига тушишига умид билдирмиз. Мен Райола билан учрашмоқчи эмасман. Шартнома 2021 йилгача тузилган ва Райола билан ишим йўқ. Жиджи «Милан»ни севади. Биз эса уни ва «Милан»ни бир жентльмендан, қайсики, бизга зарар келтирмоқчи бўлаётган кишидан ҳимоя қилмоғимиз зарур. Жанлуиджининг ўзи қаер яхши, қаер ёмонлигини яхши билади. Ўша жентльмен эса ҳаммадан ҳам кўра шоуменга ўхшайди». 

Доннарумма ўзига қилинаётган босимга дош бера олмади: аввалига у ўйиндан олдинги чигалёзди машғулотларидан кейин кийим алмаштириш хонасида кўз ёшларини тия олмади.

Кейин – иккинчи бўлим вақтида майдонда йиғлаб юборди. Икки сафар ҳам уни Леонардо Бонуччи юпатди. Бу футболчи ҳам «Ювентус»дан Миланга келганида шунга ўхшаш катта босим остида қолганди.

Жамоа мураббийи Женнаро Гаттузо ҳам футболчини ҳимоя қилиб чиқди.

«У ҳали 18 ёшда. Албатта, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилиши керак ва мен фанатларни ҳурмат қиламан, аммо мен бу хабарлардан кейин Жиджига таътил берганим учун менга жаҳл қилиб юрибди. Ахир у 7 ойдан бери илк марта уйида қолди, у шу вақтгача ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормаган. У зўр спортчи ва профессионал. Мен уни қўлимдан келганча ҳимоя қиламан. Ҳозирги воқеалар жуда ёқимсиз. Одамлар уни қандайдир бир махлуқ туфайли қийнашмоқда. Лекин у бу ерда фақат жабрланувчи. Яхшиямки, бугун трибуналарда фақат 9 минг киши эди. Тасаввур қилинг, агар уни 50 минг киши ҳақоратлаб турса қандай чидайди?». 

Манипуляциялар устаси Райола шунгача эришди. Воқеалар ривожини кузатамиз.

Мавзуга оид