Жаҳон | 01:21 / 14.12.2017
10463
3 дақиқада ўқилади

Фаластин Исроил билан келишилган битимлардан бош тортиш билан таҳдид қилмоқда

Фото: Evan Vucci / AP

Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос шу вақтгача Исроил билан келишилган барча битим ва шартномалардан воз кечишни ваъда қилди, деб хабар беради РИА Новости.

«Биз ва Исроил ўртасида Ослода битимлар тузилган эди, агар вазият ўзгармаса биз бу битимлардан воз кечамиз», — деди Аббос.

Бу ҳақида у бугун Истанбулда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулоддаги саммитида маълум қилган.

Осло битими исроил-фаластин можаросини тартибга солиш мақсадида Норвегия шафелиги остида Исроил ва Фаластин озодлиги ташкилоти (ФОТ) ўртасида тузилган эди.

Дастлабки битим Шимон Перес ва Маҳсуд Аббос томонидан 1993 йилнинг 23 августида Ослода махфий равишда тузилган.

1993 йилнинг 9 сентябрида битимлар ошкора имзоланиши аввалида Исҳоқ Робин ва Ёсир Арофат ўзаро бир-бирини тан олишини билдириб, Норвегия ташқи ишлар вазири Йоҳан Йорген Ҳолст орқали мактуб алмашишган.

Ёсир Арофат Исроил бош вазири Исҳоқ Робинга йўллаган хатда ФОТ номидан қуйидаги принципларни илк марта баён қилган:

- Исроилнинг тинчлик ва барқарорликда мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш;

- БМТ Хавфсизлик Кенгашининг №242 ва №338-сонли резолюцияларини тан олиш;

- Можарони тинч йўл билан ҳал қилиш мажбурияти;

- Террорчилик ва зўравонликнинг бошқа усулларидан воз кечиш;

- Бу мажбуриятларни амалга ошириш учун масъулиятни ФОТнинг барча унсурлари ва тузилмалари томонидан зиммага олиниши;

- Фаластин хартиясидаги Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олмайдиган пунктларни ҳақиқий эмас деб эълон қилиш;

- Фаластин хартиясига керакли ўзгартиришларни Фаластин Миллий Кенгаши муҳокамасига қўйиш мажбурияти.

Бу хатга жавоб Исроил сулҳ тўғрисидаги музокараларда ФОТни Фаластин халқи вакили сифатида тан олиши бўлган.

Фото: Wikipedia
Исҳоқ Робин, Билл Клинтон ва Ёсир Арофат. 1993 йил 13 сентябрь. Вашингтон

1993 йилнинг 13 сентябрида Оқ уй кўклами устида АҚШ президенти Билл Клинтон, Исроил бош вазири Исҳоқ Робин ва ФОТ раиси Ёсир Арофат қатнашган тантанали маросимда Исроил ва ФОТ принциплар тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолашади. Ҳужжатнинг ўзи ФОТ томонидан Маҳмуд Аббос ва Исроил ҳукуматидан Шимон Перес томонидан имзоланади. Декларация АҚШ давлат котиби Уоррен Кристофер ва Россия Федерация ташқи ишлар вазири Андрей Козирев гувоҳлигида расмийлаштирилади. Ҳужжат имзолангач, Арофат ва Робин ўртасида тарихий қўл сиқишиш бўлиб ўтади.

Декларацияга кўра Фаластин ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳақида томонлар ўртасида асосий оралиқ битим параметрларидан иборат эди: Ғазо сектори ва Ариҳо анклавида Фаластин мухториятининг ўрнатилиши ва унинг тез орада Яҳудия ва Самария бўлгаларидаги аҳолига нисбатан ҳам жорий этилишини, Фаластин ҳукумати тузилиши ва қонунчилик кенгашига сайловлар ўтказилиши назарда тутилган эди. Декларация асосий диққатни Исроил ва ФОТ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид