Ўзбекистон | 09:58 / 14.12.2017
38679
2 дақиқада ўқилади

Тошкент – Ўш. Ўзбекистон ва Қирғизистон муҳим келишувга эришди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашув чоғида транспорт қатнови борасида келишиб олганликларини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, томонлар автобус йўналишларини очиш, нафақат Бишкек-Тошкент йўналиши бўйича авиарейсларни, балки Тошкент-Ўш йўналишида ҳам парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар. «Жуда катта эҳтиёж бор. Биз Бишкек ва Тошкент ўртасида авиарейслар қатновини икки баробарга кўпайтиришни истаймиз. Бунга эҳтиёж бор», - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти темир йўл йўналиши бўйича келишувлар мавжудлигини ҳам хабар қилди. «Қирғизистонда Иссиқ-Кўл ноёб кўли бор. Халқимиз биз авиарейсни йўлга қўйишимизни хоҳлади, аммо биз шунга келишиб олдикки, Иссиқ-Кўлга қадар темир йўл йўналишини ҳам очамиз. Одамлар қўшниларда шундай ажойиб жой бор бўлса, нега улар узоққа боришлари керак. Транспорт-логистик масалада биз катта ютуқларга эришдик», - деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевнинг, шунингдек, таъкидлашича, «биз чегара масалалари бўйича ҳам олдинга силжидик». Унинг сўзларига кўра, президентларнинг хоҳиш-иродаси керак бўладиган масалалар ҳам бор. «Менимча, у бизда бор. Биз бир йил давомида чегаранинг 85 фоизини ҳужжатларга туширдик, тасаввур қиляпсизми. Бу фақат йўлнинг бошидир. Аста-секин ҳужжатларга туширамиз», - деди у.

Сооронбай Жээнбеков 13 декабрь куни Тошкентга келди. Бу унинг президент сифатидаги биринчи расмий ташрифидир. Жээнбеков пойтахтдаги Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. У шунингдек биринчи президент Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасини ҳам зиёрат қилди ва унинг ҳайкали пойига гул қўйди.

Мавзуга оид