Жаҳон | 10:03 / 16.12.2017
98965
3 дақиқада ўқилади

«Чиқинди». Трамп грин-карта бўйича келганларга «ташланди»

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатга иммиграцион виза лотереяси орқали келаётган одамларни ўз жамиятларининг “ёмонлар ичидаги энг ёмони” деб атади ҳамда бу механизмни бекор қилишга чақирди. У тегишли баёнот билан жума куни Виржиния штатидаги Федерал тергов бюросининг Миллий академиясида чиқиш қилган.

"Маълум бир лотерея бор. Сиз одамларни танлайсиз. Сизлар ўша қайсидир давлат бизга энг яхши одамларини беради, деб ўйлайсизларми? Йўқ”, - дея таъкидлаб ўтган Трамп.

"Бу қандай тизим ўзи? Улар лотерея ёрдамида келишмоқда. Улар бизларга энг ёмон одамларини беришмоқда, уларни чиқинди каби ташлаб юборишмоқда", - дея таъкидлаб ўтган президент.

Унинг сўзларига кўра, маъмурият Конгрессни “занжирли миграция”га (кўчиб кетган инсоннинг ортидан маълум бир жойга кўчиб бориш, оила билан бирлашиш – таҳ.) якун ясаш, шунингдек, виза лотереяси амалиётини тугатишга чақиради, уни эса маълум бир хизматлар асосига қурилган иммиграция тизими билан алмаштириш мумкин.

Трамп Нью-Йоркдаги иккита терактни ҳам шу нуқтаи назардан эслатиб ўтган – ҳар икки шахс, унинг сўзларига кўра, АҚШга ҳозирги муҳожирлик дастури орқали келган. Улардан бири “занжирли миграция” механизми туфайли Қўшма Штатларда истиқомат қилишни бошлаган бўлса, бошқаси – виза лотереясида ютган.

Трамп 3 ноябрь куни октябрь ойи охирида Манҳэттенда юз берган терактдан сўнг ҳам шундай баёнот билан чиққанди.

Сешанба куни эса Трамп конгрессдан мамлакатга тўғри келмайдиган шахсларнинг кириб олишига имкон берувчи миграцион тешикларни бартараф этиш бўйича тезкор ҳаракатларни талаб қилди.

"Конгресс бу жараёнга дарҳол киришиши керак ҳамда қонун чиқарувчилар унга қўшилиши даркор. Мен шуни айтишим мумкинки, биз жуда катта муваффақиятга эришдик", - дея айтиб ўтди президент.

31 октябрь куни асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов Нью-Йоркда юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаб борди, натижада саккиз киши ҳалок бўлди, 10 дан ортиқ инсон жароҳатланди. Соипов грин-картани лотереяда ютиб олганди.

Душанба куни эса асли келиб чиқиши бангладешлик бўлган ва АҚШ фуқаролари бўлган қариндошлари туфайли Америка визасини олган шахс Манҳэттен марказида қўлбола бомбани портлатди. Натижада бир неча киши жароҳат олди.

Мавзуга оид