Жаҳон | 00:29 / 17.12.2017
4031
2 дақиқада ўқилади

Францияда 16 ёшга тўлмаганларнинг Facebook'дан фойдаланиши тақиқланади 

Фото: Getty Images

Франция ҳукумати 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ота-онаси розилигисиз Facebook ижтимоий тармоғида аккаунт рўйхатдан ўтказишни тақиқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. Quartz нашри шу ҳақида хабар берди. 

Facebook сиёсатига кўра, 13 ёшгача бўлган болаларнинг платформага қўшилиши расман мумкин эмас, бироқ кўпчилик бу қоидани четлаб ўтади. Улар янги қоидани ҳам худди шундай четлаб ўтмаслигига кафолат йўқ, зеро рўйхатдан ўтаётганда фойдаланувчи ота-она розлигини олган ё олмаганига доир керакли сатрни белгиласа бўлди. Бироқ таъкидланишича, лойиҳа қабул қилинган тақдирда, бу қонун бузилишига тенглаштирилади. 

Қонуннинг қандай қабул қилиниши ва у бузилган тақдирда, қандай оқибатларга олиб келиши - ҳозирча номаълум. Шундай бўлса-да, қонун лойиҳаси Франция парламенти томонидан тасдиқланиши кутилмоқда, зеро таълим вазири шу ҳафтада мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлади, ҳатто танаффусларда ҳам. 

Бу вақтда эса, Facebook, аксинча, ўз платформасига ёшларни жалб қилиш билан овора. Яқинда компания олти ва ундан катта ёшли болаларга мўлжалланган Messenger Kids номли янги иловасини намойиш қилди. Бу эса яна болаларнинг смартфонлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига доир баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид