Таҳририятга мурожаат: Фарғонанинг “Ифтихор” ҚФЙси нега бесабаб газдан узилди?
KUN.UZ’га мурожаат йўлланди. Унинг нима ҳақида эканлиги ҳақида гапириб ўтирмай, мактубнинг мазмуни ҳақида сизларни таништиришга қарор қилдик.
“Ассалому алайкум. Фарғона вилояти, Қува тумани, “Ифтихор” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Ёмонжар” (баъзи ўринларда “Наримон”) деб юритилувчи, 263 хўжаликдан таркиб топган маҳалла аҳолиси ҳозирда табиий газ таъминотининг узиб ташлангани боис танг аҳволда қолган. Бунинг батафсил тафсилоти қуйида келтирилади.
Бизнинг маҳалла бугунги кунгача ўз мавқеи, ўз ўрнига эга бўлган, аҳолиси жонкуяр, меҳнаткаш, борига қаноат қилувчи оддий одамлардан таркиб топган. Бу ерда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, аҳилликда қарийб 50 йилдан буён оқма газ тизимидан унумли фойдаланиб, тўловларни ўз вақтида етказиб, хавотирсиз ва ҳаловатда яшаб келаётгандик. Бироқ, қўққисдан, айни қиш чилласининг яқинлашуви, яъни 1 ноябрдан туман газ раҳбарияти томонидан ёниб турган газимиз узиб ташланди. Эмишки, бизнинг маҳалла “қониқарсиз, газ етиб бормайдиган ҳудуд” экан. Уларнинг гапига рози бўлсак ҳам, ақлимиз бир нарсага етмаяпти. “Нега бизга қўшни, атрофимизда жойлашган, ҳаттоки 5-6 км узоқликдаги масофадаги маҳаллаларда газ тизими мавжуд? Эҳтимол, бу ерда баъзи бир қўштирноқ ичидаги одамларнинг таниш-билишчиликка асосланган муносабатлари устунлик қилмаяптимикин?..”. Ҳа, албатта, ҳудди шундай бўлаяпти.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз жоизки, муҳтарам президентимиз 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари”йили" муносабати билан бир қанча қонун – фармойишларни жорий этди. Сир эмаски, буларнинг остида халқ манфаатлари, фаравонлиги ва улар эҳтиёжларининг маълум даражада қондириш ётади. Шунингдек, давлат раҳбарининг ўз нутқида “Халқ органлар учун эмас, балки органлар халқ учун хизматда бўлсин”, деган фикрларини ҳам эслаб ўтишимиз лозим. Ҳатто ҳар бир давлат мутасаддисининг газ иситиш тизими, электр энергияси, солиқ соҳаси ва бошқаларни таъминлаш, тўловларни аҳолидан ўз вақтида йиғиб олиш, керак бўлса, эшикма эшик юриб бўлса ҳам, халқнинг дардини эшитиб, уларнинг мушкулларини енгиллаштириши кераклигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтган.
Айни шундай вазиятда баъзи бир, қўпол қилиб айтганда, ўз вазифаларини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар бунга кўр-кўрона қарши чиқаяпти. Масалан, Қува газлаштириш идораси бошлиғи Бахтиёр Аҳроров кабиларнинг “Қадаминг етган жойгача бор, газингни ёқиб бермайман”, деган гапларини юрагимизга оғир олсак-да, ичимизга ютиб, биз — жабрдийда халқ бир неча тегишли жойларга ариза билан чиқдик (“Ўзтрансгаз”, туман ва вилоят ҳокимликлари ҳамда Бош вазир қабулхонасига бутун халқ номидан ёзма мурожаат билан). Аммо шу кунгача бирор самарага эришолганимизча йўқ.
Айни дамда қишнинг аёзли, совуқ кунлари ҳукм сураётган бир вақтда газ муаммоси бизга оғир зарба бўлди. Турли хил қийинчиликларга дучор қилди. Аҳолимизнинг жонлари бирдек азобда. Биринчидан, ёшлари 85-100га яқинлашиб қолган нуронийлар, орамизда учрайдиган ногиронлар, ётоққа михланиб қолган касалмандлар, гўдаклар совуқдан азият чекмоқда. Уларнинг соғлиқлари ёмонлашмоқда. Айримларида аллергик касаллик мавжуд бўлгани боис, ўтин ёқиш орқали иситиш печларидан чиқадиган заҳарли тутун оқибатида уйқусизлик, йўтал каби балоларга гирифтор бўлмоқда. Ҳатто айрим хонадонлар иситиш учун ўтин сотиб олишга қурблари етмайди. Баъзилари бир ҳовлида уч хўжалик яшаганларидан иситиш тизими, кунлик эҳтиёжларини қоплаш учун етарли маблағга эга эмас. Узоқ йиллик фойдаланиб келинаётган газга ишониб, биз қишки мавсумга умуман тайёргарлик кўрмагандик.
Иккинчидан, биз пишиқчилик мавсумида даромад кўрадиган кўплаб мевали дарахтларимизни ёқиб, жонимизни иситиш учун фойдаланмоқдамиз.
Аслида “Ёмонжар” маҳалласи тупроғи унумдор, иқлими гилос, нок, олма каби ҳўл меваларни етиштиришга мослашган ҳудудлардан саналади. Натижада, биз етиштирадиган гилос мевалари бошқа ҳудудларникидан тубдан фарқ қилади: ичи тўқ, ранги тиниқ, иссиққа чидамли, кўриниши ва сифатини узоқ сақлайдиган хилидан. Шунинг учун гилос экспорти бизда анча ривожланган. Ҳар бир хўжаликда гилос асосий мевали дарахт сифатида ўстирилади. Баъзиларининг ёши 20-25 йилга етади. Гилосни экспорт қилиш орқали кўплаб кичик тадбиркорлар давлат бюджетига сезиларли тарзда фойда етказишмоқда эди.
Биламизки, мева – сабзавот маҳсулотларини етиштириб, уларни халқдан орттириб чет давлатларига экспорт қилиш масаласи бугунги кунимизнинг олд режаларидан ва уларнинг амалга оширилиши ҳам бошлаб юборилган. Кўплаб қаровсиз ерлар, шу билан бирга, фойдаланиб турилган ҳудудларда боғдорчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Шундай экан, ҳозирги айни бизнинг бу вазиятимизда тўғри йўл тутаяпмизмикин? Даромад манбаимизни ёқиб, кулга айлантириб, эртага афсус қилиб қолмасмиканмиз?
Жойи келганда айтиш керак-ки, биринчи президентимиз шахсан ўзлари қишлоғимизга ташриф буюриб, меҳнаткаш халқимизнинг қўлларидан сиқиб, руҳлантириб кетгандилар. Бошлаган ишимизни охирига етказиб, халқнинг ривожига давлат билан биргаликда янада бирдамликда жон куйдиришимизни эслатиб ўтганлар.
Айтганча, сизлардан бир нарсани ўтиниб сўраймиз: “Қониқарсиз, газ етиб бормайдиган ҳудуд”, деган гаплар сизларга ҳам етказилса, илтимос, бу бўҳтонларга ишонманг. Бизга ёрдам беринг. Яна шу хўрликда қолиб кетишимизга, умидларимизнинг сароб бўлиб, пучга чиқишига йўл қўйманг. Ҳурмат ва эҳтиром билан Фарғона вилояти, Қува тумани, Ифтихор ҚФЙнинг жонкуяр аҳолиси”.
Бунга ўхшаш мурожаатлар таҳририятимизга жуда кўп келмоқда. Назаримизча, бу каби мавзуларга ҳали жуда кўп қайтадиганга ўхшаймиз. Юқоридаги масала юзасидан эса, мутасадди раҳбарлардан изоҳ ва амалий ёрдам сўраб қоламиз.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
09:39 / 24.10.2024