Спорт | 19:11 / 18.12.2017
15837
10 дақиқада ўқилади

Де Брюйне нишонлади, Лукаку эса йўқ. Моуриньони яна масхаралашди

«Трибуна» Англия чемпионатида дам олиш кунлари ўтказилган тур ўйинларидаги асосий воқеаларни эслаб ўтади.

«Манчестер Сити»: барча скальплар олинди

«Манчестер Сити» мухлисларидан бошқа барча мухлислар бу ўйинда «Тоттенҳэм» тарафида эди, улар ниҳоят гегемон очко йўқотишига умид қилишганди. Ҳарри Кейн ва компания ўйинни ўз қўлига олишга ҳаракат қилди ва Гвардиола жамоасини мавсумдаги илк мағлубиятни тан олдириш учун бир қанча имкониятларга эга бўлишди.

«Шпорлар» мураббийи ҳар қандай кучли тактикага жавоб тайёрлай оларди, аммо «Сити» Почеттинони тезкор гол ва кучли прессинг билан иложсиз қолдирди, «Тоттенҳэм» футболчилари иккинчи бўлимда олдинга чиқишга ҳам қийналиб қолишди.

Ўйиндаги асосий футболчи яна «Ман Сити» етакчиси Кевин Де Брюйне бўлди. Иккинчи бўлимда бельгиялик бу футболчини Деле Алли жуда қўпол кутиб олди – рақиб унинг оёғига тепиб, корпус билан зарба бериб йиқитди. Де Брюйне бир дақиқача ётгач, ўрнидан турди ва бир дақиқадан кейин қарши ҳужумда «Тоттенҳэм» дарвозасини ишғол этиб, ўйинга амалда нуқта қўйди. У рақиб қўполлигига голи билан жавоб берди. Ўйиннинг қолган қисмида Раҳим Стерлинг яна иккита гол урди. Энди у «Сити»нинг асосий тўпурар футболчиси. Мезбонлар сафида Жезус пенальтидан гол ура олмади, акс ҳолда ҳисоб янада йирикроқ кўринишда бўлиши мумкин эди, қолаверса, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда лондонликлар битта жавоб голи йўллашди - 4:1.
 
Энди Почеттино ҳам Клопп, Венгер, Конте ва Моуриньо қаторида. Энди Хосеп Гвардиола АПЛдаги барча топ-мураббийларни мағлуб этди.

Энди «шаҳарликлар» Англия премьер лигасидаги навбатдаги рекорд соҳиби - чемпионатда қаторасига 16-ғалаба.

«Сити» кийим алмаштириш хонасида яна шовқин. Моуриньо яна хафа бўлади

«Манчестер Сити» футболчилари ўтган ҳафтада «МЮ»га қарши дерби ўйинидан кейин Моуриньо билан зиддиятга боришганди. Британ нашрлари ёзишича, ўшанда португалиялик мутахассисга рақиб ғалабани қаттиқ овозлар билан нишонлаши ёқмаганди ва у «Сити» футболчилари хонасига кириб борган, натижада томонлар ўртасида тўқнашув рўй берганди. «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан кейин Моуриньо «Сити»нинг кийим алмаштириш хонаси яқинида эмасди, аммо «Сити» футболчилари у ҳақда қўшиқ куйлашди: «Автобус қўй «Манчестер Юнайтед», автобус қўй! Моуриньо услубида автобус қўй».

Бу қўшиқ видеосини Бенжамен Мендининг дўсти тармоққа жойлади, жароҳат туфайли ўйнамаётган ушбу футболчи кийим алмаштириш хонасига киришига Гвардиола рухсат берган, унинг вазифаси жамоа футболчилари руҳиятини кўтариш эди. Энди мураббий Менди билан гаплашиб оладими?

Лукаку нишонламади

«Қизил иблислар» бунга жавобан кейинги куни «Вест Бромвич» устидан ғалабага эришди — 2:1. Моуриньо шогирдлари биринчи бўлимдаёқ иккита гол уриб, ўйин тақдирини амалда ҳал қилишди. Ромелу Лукаку ва Жесси Лингарднинг голлари манчестерликларга устунлик берди. Бельгиялик футболчи ўз голини нишонламади. Ўйиндан кейин Моуриньо буни у 2012/13 йилги мавсумда «Вест Бромвич» сафида тўп сургани билан изоҳлади. У яна шундай қўшимча қилди: «Мен ҳам нишонламаган бўлардим. Лекин хурсандлигимни ичимда сақлардим. 15 йил олдин голларни қандай нишонлаганларимни эсласам, уяламан. Ёш ўтган сайин ҳиссиётларингни назорат қила оладиган бўласан. Албатта, ўйин охирида урилган голлар бундан мустасно».

«Вест Бромвич» ўйин охирида ҳисобни қисқартирди ва охирги дақиқалар манкунианликлар учун хавотирли ўтди. Лекин жамоа ғалабани қўлида сақлаб қолди ва «Манчестер Сити»ни 11 очколик фарқ билан таъқиб этишда давом этди.

Де Брюйне нимани намойиш этди

«Тоттенҳэм» дарвозасига урилган голдан кейин Кевин Де Брюйненинг ҳаракатлари ҳамманинг диққатини ўзига тортди. У голини нишонлай туриб, камераларга бармоқлари билан бир ва икки рақамларини кўрсатганди.

Аввалига баъзилар у бу ҳаракати орқали ўз вақтида уни «Челси» таркибига киритмаган Жозе Моуриньога салом йўллаганини тахмин қилди. «Шаҳарликлар» ўтган турда «МЮ»ни 2:1 ҳисобида енгишганди. Яна бир версияга кўра эса, 21 - «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» ўртасида ушбу натижадан кейин юзага келган 21 очколик фарқни ифодалайди. Учинчи, энг ишонарли талқин эса, «Сити»нинг 21 рақам остида тўп сурувчи, ушбу ўйинда иштирок эта олмаган Давид Силвага бағишлов.

Бу талқинни, жамоа футболчиларининг кийим алмаштириш хонасида тушган сурати ҳам тасдиқламоқда.

Ўзил Зиданни эслатди

«Арсенал» ва «Челси» ўз ўйинларида минимал ҳисобларда ғалаба қозонишди. Арсен Венгер шогирдлари «Ньюкасл» устидан ғалабага эришди. Бу ўйинда Месут Ўзил жамоасига ғалаба келтирди. Унинг голи Зинедин Зиданнинг Чемпионлар Лигаси финалида «Байер»га урган машҳур голини эслатди.

Иккинчи ўйинда Антонио Конте дружинаси — «Саутҳемптон»дан устун келди — Маркос Алонсонинг аниқ зарбаси ғалабани таъминлади. Алонсо ўйин охирида карточка олиб, жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Энди у сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис Кубок баҳсида «Борнмут»га қарши ўйинни ўтказиб юборади, унинг ўрнида ўйнаши мумкин бўлган Давиде Дзаппакоста жароҳатланган ва энди мураббийлар штаби чап қанот ҳимоясидаги муаммони ҳал этиши керак бўлади. «Борнмут»нинг ўзи ҳам «Челси»га қарши яхши кайфиятда келмаяпти, жамоа бу турда «Ливерпуль»дан 4 гол ўтказди. Юрген Клопп шогирдлари қаторасига 4 сафар учрашувда йирик ғалабага эришди ва бу борада АПЛнинг янги рекордини ўрнатди. 

Салоҳ Рашга етиб олди, Азар унга ета олмайди

«Ливерпуль» қаторасига икки ўйинда дуранг қайд этгач, яна йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. «Борнмут»га қарши ғалабали ўйиндаги голлардан бири муаллифи Муҳаммад Салоҳ мавсумдаги голлари сонини 20тага етказди. Унга бу натижага эришиш учун 26 учрашув (барча турнирлар билан) кифоя қилди. Бу орқали мисрлик футболчи «Ливерпуль»нинг собиқ футболчилари Луис Суарес ва Майкл Оуэнни ортда қолдирди ҳамда 31 йил муқаддам Рождествога қадар 20 гол уришга улгурган Иан Рашга етиб олди.

Таққослаш учун «Челси»нинг кўп йиллик етакчиси Эден Азар ҳали бирон мавсумда 20та гол урмаганди, Салоҳ эса мавсум ярмига етмасдан, шундай натижани қайд этмоқда.

Аутсайдерларнинг уйғониши

18-турдаги қизиқ воқеалар турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоалар учрашувларида кузатилди. «Кристал Пэлас» «Лестер»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди — 3:0. Энди жамоа хавфли ҳудудни тарк этган. Мавсум бошини лондонликлар клуби ўта омадсиз ўтказди, жамоа 7 учрашувда гол ура олмади ва АПЛда қатор антирекордларни янгилади. Шундан кейин раҳбарият Роналд Де Бурни истеъфога чиқарди. Рой Ҳожсон жамоа бошқарувига олиб келингач, вазият ўнгланмоқда.

Арнаутович тавқи лаънати

Шунингдек, бу турда «Вест Ҳэм» ҳам хавфли ҳудуддан юқорига кўтарилди, лондонликлар сафарда «Сток Сити» устидан ғалабага эришди. Ўйин ўта асабий руҳда кечди, бунда собиқ жамоасига қарши ўйнаган Марко Арнаутович ҳам сабаб бўлди. «Британни» стадионида йиғилган мухлислар австриялик футболчини ўйин давомида ҳуштакбозликлар билан безовта қилишди. Бунга жавобан Арнаутович «Сток» дарвозасини ишғол қилди ва голни нишонлаш вақтида собиқ жамоаси фанатларига қарата жумбоқли ҳаракатлар кўрсатди.

Натижада Арнаутович алмаштирилган вақтда, унинг собиқ мураббийи Марк Ҳьюз ўзини тутиб туролмади. Мураббий футболчини ҳақоратлади ва бу ҳолат телекамералар нишонида турганди.

Англия чемпионати. 18-тур
«Лестер» – «Кристал Пэлас» – 0:3
Голлар: Бентеке, 19 (0:1). Заа, 40 (0:2). Сако, 90 (0:3).
«Уотфорд» – «Ҳаддерсфилд» – 1:4
Голлар: Кучунга, 6 (0:1). Муй, 23 (0:2). Депуатр, 50 (0:3). Дукуре, 68 (1:3). Муй, 89 – пенальти (1:4).
«Челси» – «Саутҳемптон» – 1:0
Гол: Алонсо, 45.
«Брайтон» – «Бёрнли» – 0:0
«Арсенал» – «Ньюкасл» – 1:0
Гол: Ўзил, 23.
«Стоук Сити» – «Вест Ҳэм» – 0:3
Голлар: Нобл, 19 – пенальти (0:1), Арнаутович, 75 (0:2). Сако, 86 (0:3).
«Манчестер Сити» – «Тоттенҳэм» – 4:1
Голлар: Гундўған, 14 (1:0). Де Брюйне, 70 (2:0). Стерлинг, 80 (3:0). Стерлинг, 90 (4:0). Эриксен, 90+3 (4:1).
«Вест Бромвич» – «Манчестер Юнайтед» – 1:2
Голлар: Лукаку, 27 (0:1). Лингард, 35 (0:2). Бэрри, 77 (1:2).
«Борнмут» – «Ливерпуль» – 0:4
Голлар: Коутинью, 20 (0:1). Ловрен, 26 (0:2). Салах, 44 (0:3). Фирмино, 66 (0:4).
«Эвертон» – «Суонси» учрашуви бугун ўтказилади.

Турнир тўпурарлари

Турнир жадвалидаги ҳолат

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид