14:35 / 18.12.2017
9331

Иқтисодиёт вазири ўринбосари статистика борасидаги муаммоларни маълум қилди

Фото: Халқаро пресс-клуб

14 декабрь куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши: тенденциялар, муаммолар ва истиқболлар” мавзуси муҳокама қилинди. Унда қатнашган Иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев статистика маълумотларини эълон қилиш ва уларни таҳлил қилиш борасидаги айрим муаммоларга ҳам тўхталди. 

“Биз иқтисодчилар олдида ҳар доим нима учун бизда яхши иқтисодчи талабалар, яхши иқтисодчи мутахассислар етишиб чиқмаяпти, деган савол туради. Айтиш керакки, республикада энг зўр иқтисодчилар бор ва улар бутун дунё бўйлаб турли хорижий давлатларда ишлаяпти. Фақат муаммо нимада? Муаммо шундаки, ўша иқтисодчиларимиз статистик маълумотлар йўқлиги, ўзларига керакли ахборотларни олиш имконияти йўқлиги учун таҳлил қила олмайди ва етук эксперт сифатидаги фикрини айта олмайди. Мана шу нарса бизнинг энг катта муаммомиздир. 

Фото: Халқаро пресс-клуб

Агар биз статистик маълумотларни бевосита ОАВда эълон қилсак, веб-сайтга жойлаштиришни йўлга қўйсак, дунёнинг турли бурчакларидаги иқтисодчиларимиз маълумотларни таҳлил қилиб, ўз фикрларини бера олишади. Иқтисодиёт вазирлиги ҳам статистик маълумотлардан фойдаланувчи сифатида ушбу маълумотларни ўз вақтида ва сифатли ола билса, иқтисодиётни ривожлантириш учун барча таҳлилий ишларни амалга ошириш имконига эга бўлади. 

Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, Давлат статистика қўмитаси бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Унинг вазифаси статистик маълумотлар билан боғлиқ барча норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириб, уларни инвесторларга, илмий ишлар билан шуғулланувчиларга етказиш масалалари билан шуғулланишдир.  

Шу ўринда бизнинг олдимизда турган яна бир муаммолардан бири, ЯИМни ҳисоблашда пул-кредит статистикаси бўлиши керак. Уни очиқ-ойдин эълон қила олмаяпмиз. Тўлов баланси, экспорт-импорт амалиётларини бажаришда уларнинг ҳажми қандай, буларга доир маълумотларни ҳам ошкора эълон қила олмаяпмиз. 

Фото: Мубин Мирзаев/Халқаро пресс-клуб

Давлат ташқи қарзига доир маълумотлар, қарз миқдори ошаяптими, тушаяптими, давлат бюджети даромади ва харажатларига тегишли маълумотларни эълон қилишда қийналаяпмиз. Мана шу юқорида қайд этганларим маълумотлар бўлмаса, ЯИМ миқдорини аниқ айта олмаймиз”, - деди Мубин Мирзаев.   

Top