Фан-техника | 18:15 / 18.12.2017
6400
5 дақиқада ўқилади

Open Data Challenge 2017​ танлови ғолиблари аниқланди

Фото: Инҳа

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Open Data Challenge 2017 иловаларни очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқиш бўйича танловининг ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда университет расмий сайтида хабар эълон қилинган.

Белгиланган тартибга кўра, Open Data Challenge 2017 йилнинг 30 ноябридан 3 декабригача икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг 30 ноябрь ва 1 декабрь кунлари рўйхатдан ўтган 400 дан зиёд иштирокчи маҳорат мактаблари ва семинарларда иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида иштирокчилар малакали мутахассислар ёрдамида дизайн-фикрлаш, жамоаларни шакллантириш, Python тили асосида маълумотларни таҳлил этиш, Lean Startup ва Customer Development методологияси, блокчейн ва бошқа йўналишлар бўйича билимларга эга бўлдилар. Танлов доирасида иштирокчилар Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) билан танишдилар ва ўз лойиҳаларини яратишда БРМ бўйича билимлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди.

2 ва 3 декабрь кунлари тренинг ва маҳорат мактабларида олган билимлари ва таклифлари ҳамда очиқ маълумотлар асосида ўз лойиҳаларини яратди.

Хакатон доирасида 63 та жамоа ҳакамлар ҳайъати эътиборига ижтимоий (47 та лойиҳа) ва бизнес (16) лойиҳаларни ҳавола этишди. Ҳар бир жамоага ўз лойиҳасининг тақдимотини ўтказишлари учун бир неча дақиқа вақт берилди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, “Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши бизнес лойиҳа” номинациясида SAVE IT жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Жамоа аъзолари: Насиба Лутфуллаева, Муҳайё Тошпўлатова, Акбархон Аминов ва Аваз Алимовлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаларидир.

SAVE IT жамоаси мобиль илова ва Telegram-бот ишлаб чиқди. Мазкур сервис фойдаланувчиларга яроқлилик муддати ўтиб бораётган товар ва маҳсулотларга бериладиган чегирмалар тўғрисида маълумот олиш имконини беради. Лойиҳа дўконларга ўз маҳсулотларини сотиш ва харажатларни камайтириш, харидорларга эса пулларини иқтисод қилиш имконини беради.

“Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши ижтимоий лойиҳа” номинациясида Umbrella Soft жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Жамоа аъзолари: Улуғбек Тўхтаев, Адизбек Эргашев, Жаҳонгир Исмоилов ва Муҳриддин Ғайратов. Уларнинг барчаси Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ)нинг талабаларидир.

Umbrella Soft жамоаси MyID лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа Ўзбекистон фуқароларига айрим давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда Йўл-ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) жарималари ва коммунал тўловларни амалга ошириш имконини беради. Лойиҳа доирасида иш берувчи томонидан тасдиқланадиган электрон меҳнат дафтарчасини татбиқ этиш ҳам назарда тутилган.

All Eyez On Me жамоаси “Хакатоннинг энг инновацион лойиҳаси” номинациясида ғолиб деб топилди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабалари Анвар Мўминов, Тўрабек Ғайбуллаев, Беҳруз Миртурсинов ва Жавоҳир Абдуқаҳҳоровлар инсон юзини аниқлайдиган аппарат мажмуини тақдим этишди.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, alphaZET, Flyber Entertainment, Diamond Solutions, Tag жамоалари рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлишди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Резидент-координатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Хелена Фрейзер ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасининг сиёсий ва жамоат дипломатияси бўлим бошлиғи Жо Бидсуорт ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаевлар Open Data Challenge 2017 ғолиблари ва совриндорларини табриклаб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашди.

Open Data Challenge 2017 танлови Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, “Электрон Ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ва UZINFOCOM марказлари томонидан ташкил этилди.

Open Data Challenge  – бу очиқ ҳукумат маълумотларига асосланган маҳсулотларни тез ишлаб чиқиш бўйича мусобақа бўлиб, у Ўзбекистон учун нисбатан янги бўлган очиқ маълумотлар ғоясини тарғиб этишга қаратилган.

Хакатоннинг асосий вазифаси Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва Ўзбекистон давлат органлари веб-сайтларида жойлаштирилган ҳамда хусусий сектор томонидан тақдим этилган очиқ маълумотлар орасида ижтимоий ва инновацион иловалар ва хизматлар яратишдир.

Мавзуга оид