Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Open Data Challenge 2017 иловаларни очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқиш бўйича танловининг ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда университет расмий сайтида хабар эълон қилинган.
Белгиланган тартибга кўра, Open Data Challenge 2017 йилнинг 30 ноябридан 3 декабригача икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг 30 ноябрь ва 1 декабрь кунлари рўйхатдан ўтган 400 дан зиёд иштирокчи маҳорат мактаблари ва семинарларда иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида иштирокчилар малакали мутахассислар ёрдамида дизайн-фикрлаш, жамоаларни шакллантириш, Python тили асосида маълумотларни таҳлил этиш, Lean Startup ва Customer Development методологияси, блокчейн ва бошқа йўналишлар бўйича билимларга эга бўлдилар. Танлов доирасида иштирокчилар Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) билан танишдилар ва ўз лойиҳаларини яратишда БРМ бўйича билимлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди.
2 ва 3 декабрь кунлари тренинг ва маҳорат мактабларида олган билимлари ва таклифлари ҳамда очиқ маълумотлар асосида ўз лойиҳаларини яратди.
Хакатон доирасида 63 та жамоа ҳакамлар ҳайъати эътиборига ижтимоий (47 та лойиҳа) ва бизнес (16) лойиҳаларни ҳавола этишди. Ҳар бир жамоага ўз лойиҳасининг тақдимотини ўтказишлари учун бир неча дақиқа вақт берилди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, “Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши бизнес лойиҳа” номинациясида SAVE IT жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Жамоа аъзолари: Насиба Лутфуллаева, Муҳайё Тошпўлатова, Акбархон Аминов ва Аваз Алимовлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаларидир.
SAVE IT жамоаси мобиль илова ва Telegram-бот ишлаб чиқди. Мазкур сервис фойдаланувчиларга яроқлилик муддати ўтиб бораётган товар ва маҳсулотларга бериладиган чегирмалар тўғрисида маълумот олиш имконини беради. Лойиҳа дўконларга ўз маҳсулотларини сотиш ва харажатларни камайтириш, харидорларга эса пулларини иқтисод қилиш имконини беради.
“Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши ижтимоий лойиҳа” номинациясида Umbrella Soft жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Жамоа аъзолари: Улуғбек Тўхтаев, Адизбек Эргашев, Жаҳонгир Исмоилов ва Муҳриддин Ғайратов. Уларнинг барчаси Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ)нинг талабаларидир.
Umbrella Soft жамоаси MyID лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа Ўзбекистон фуқароларига айрим давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда Йўл-ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) жарималари ва коммунал тўловларни амалга ошириш имконини беради. Лойиҳа доирасида иш берувчи томонидан тасдиқланадиган электрон меҳнат дафтарчасини татбиқ этиш ҳам назарда тутилган.















