Ўзбекистон | 12:34 / 20.12.2017
9305
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ 2018 йилда Ўзбекистонда нечта лойиҳани амалга оширади? 

Фото: express-k.kz

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2018 йилда Ўзбекистонда 15 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда банк президенти Сума Чакрабарти Лондонда Ўзбекистон делегацияси билан учрашувда маълум қилди.

ЕТТБ раҳбарининг қайд этишича, томонлар деярли рекорд муддат давомида умумий қиймати 186 миллион доллардан ортиқни ташкил этувчи бир неча битимларни тайёрлаш ҳамда имзолашга муваффақ бўлишди, дея хабар берди «Жаҳон» АА.

Чакрабартининг билдиришича, жорий йилда банк ҳамкорлиги ва ўзаро алоқалари қайта тикланган Ўзбекистон ЕТТБ фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шунингдек, унинг таъкидлашича, ЕТТБ Ўзбекистон ўз олдига қўйган вазифаларни нафақат устувор лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун маблағлар ажратиб бериш билан, балки иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга ошириш жараёнига кўмак бериш орқали ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.

ЕТТБ раҳбари томонидан маълум қилинган йўналишлар орасида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, туризм, энергия тежамкорлик ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт ва коммунал инфратузилма, капитал бозори ҳамда банк-молия секторини илгари суриш бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид