15:22 / 23.12.2017
14568

Эл-класико! Барча даврларнинг энг асосий ўйини ҳақида

Бугун «Эл-класико». Бу ўйинга ортиқча таъриф бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Дунё футбол мухлисларини иккига ажратувчи ўйин яна эътиборимиз марказида бўлади. Tribuna.Uz барча даврларнинг энг зўр қарама-қаршилигига батафсил тўхталади.


РЕАЛ - БАРСЕЛОНА
Бош ҳакам:
 Хосе Мария Санчес Мартинес
Бошланиш вақти: 23 декабрь, 17:00
Трансляция: UzReport TV, Первый канал

Бу ўйиннинг катталиги ушбу саҳифамизга сиғмайди, бу аниқ. Албатта, бу сайтда ҳам, бошқа манбаларда ҳам бу ўйин ҳақида каттароқ превьюлар ёзилиши шубҳасиз. Биз эса, доимий формат чегарасидан чиқмаган ҳолда, бу ўйин ҳақида ҳам эслаб ўтиб кетамиз. 

Ўйин олдидан
Ўйин Эл Класико учун ноодатий бўлган вақтда, жуда эрта бошланишига эътибор қаратишингиз мумкин. Бу ерда хитойлик томошабинлар ҳам ҳисоблашилгани аввалроқ маълум қилинганди. 

«Барселона» Европада ҳали ушбу мавсумда лигада мағлубият нималигини билмай келаётган уч жамоадан бири. Сўнгги ўйинларда ўз ўйинини топиб олган ва яқинда Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ютиб, яхши кайфиятда бўлиб турган «Реал» ушбу серияни бузиш учун жуда муносиб номзоддир. Бунинг устига, бумавсумда фақат «Реал» Валверде жамоасини мағлуб эта олди – эсингизда бўлса, августда бўлиб ўтган Испания Суперкубогининг ҳар икки ўйинида «Реал» ғалаба қозонганди.  

Йўқотишлар
Муҳими, мадридликларда жароҳатланган футболчилар деярли қолмади ва Зиданда ушбу ўйинда турли вариантларни синаб кўриш учун яхши имконият бор. Бэйлнинг сафга қайтгани, аммо асосий таркибда тушмаслиги, Криштианунинг айнан шу ўйин учун алоҳида тайёрланаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турибди. 

«Барселона»да эса аксинча, Самуэл Умтитига қўшилиб, Алкасер ҳам сафдан чиқди. Ҳужум чизиғидаги яна бир вариант Делофеунинг ўйинга тайёр бўлиши даргумон. Усмон Дембеле машғулотларга киришган бўлса-да, у жароҳатидан олдин ҳам ҳали жамоа ўйинига киришиб улгурмаганди, ундан катта ёрдам кутиш қийин. Хайриятки, Иньеста сафга қайтди ва «Депортиво» билан ўйинда мухлислар эски «Барселона»ни ҳам, ниҳоят гол уришни бошлаган Луис Суаресни ҳам кўришди.

Меҳмонларда босимнинг камроқ экани ва дуранг ҳам улар учун ғалабага яқин эканини эътиборга олсак, улар хотиржамроқ тўп суришлари мумкин. Хулоса қилиб, ўйинда ҳар икки томон имкониятларини тенг баҳолаш тўғрироқ бўларди. «Реал» таркибдаги баланс ва ижрочиларнинг кўплиги ҳисобига, «Барселона» эса, Лео Мессининг индивидуал ҳаракатлари ёрдамида бирор натижадан умид қилиши мумкин. 

Ўзаро ўйинлар
«Реал» ва «Барселона» шу кунга қадар 208 марта ўзаро тўқнаш келган. 88 учрашувда мадридликлар ғалаба қозонган бўлса, 80 учрашувда «Барселона»нинг қўли баланд келган. 40 учрашувда дуранг натижа қайд этилган.

«Барселона» ўзаро ўйинларда яққол устунлик қилган 2010 йилгача бўлган даврни қўшмасак, кейинги 28 ўйиннинг 10 тасида мадридликлар, 11 тасида эса, «Барселона» ғалаба қозонган.

Эл-Класиколарда «Реал»нинг, айниқса, Серхио Рамоснинг  (4 марта) мунтазам қизил карточка олишини ҳам таъкидлаш керак.

Қизиқарли фактлар
«Эл-класико»да камдан-кам ҳолатларда голсиз дуранг кузатилган. Сўнгги марта 2002 йилда бу тўқнашувда ҳисоб очилмаган. Унгача эса 1989 йилда бу каби нурсиз дуранг қайд этилган.

«Барселона» сўнгги 23 учрашувининг 20тасида ғалаба қозонди. «Реал» эса Ла-лигада ўз уйида ўтказган сўнгги 32 учрашувнинг 30тасида ғалаба қозонган.

Икки жамоа ўртасида Ла-лига доирасидаги сўнгги класико Мадридда бўлиб ўтган бўлиб, ўйин тақдирини сўнгги сонияларда Месси томонидан киритилган гол (3:2) ҳал қилган.

Тахминий таркиблар

Реал Мадрид: Навас, Карвахал, Варан, Серхио Рамос, Марсело, Модрич, Каземиро, Кроос, Иско, Роналду, Бензема
Барселона: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Вермален, Жорди Альба, Ракитич, Бускетс, Иньеста, Паулиньо, Месси, Луис Суарес.

Top