Жамият | 16:35 / 26.12.2017
21384
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда йирик наркогуруҳ аъзолари қамалди

Самарқанд шаҳар жиноий ишлар бўйича суди Тожикистондан гиёҳванд моддалар контрабандасига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) аъзоларига нисбатан жиноий ишни кўриб чиқди.

Гуруҳга Ургут туманида яшовчи 6 нафар шахс кирган, улар қўшни давлатдан гиёҳванд моддаларни етказиб бериш учун канал ташкил қилган.

"МХХ тезкор ходимлари туман ҳудудида 33 ёшли Элбек Тўраев раҳбарлигида уюшган жиноий гуруҳ ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумот олишади. Э.Тўраев ва унинг ҳамтовоқлари қўшни Тожикистоннинг чегараолди қишлоғида яшовчи Мардонбой исмли шахс билан алоқа ўрнатишган бўлиб, ундан кўкнорнинг йирик партияларини харид қилишиб, сўнг давлат чегарасининг назорат қилиниши мураккаб бўлган участкалари орқали Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб киришган", - дея айтиб ўтди суд идораси вакили.

Ўтказилган махсус амалиётлар натижасида УЖГ раҳбари Э.Тўраев ва унинг ҳамтовоқлари Э.Ҳамроев, А.Хушвақтов, О.Пайзиев, А.Мўминов ҳамда Л.Ибрагимов қўлга олинди. Гуруҳ аъзоларининг уйлари тинтув қилинганда, кўкнорнинг йирик партиялари, электрон тарозилар, гиёҳванд моддаларни олиб ўтишда ишлатилган иккита автомашина, жиноий йўл билан олинган 50 миллион сўмдан ортиғ маблағ, 2 та рўйхатдан ўтказилмаган ов милтиғи олиб қўйилди.

Суд вакилининг маълум қилишича, Э.Тўраев ва унинг ҳамтовоқлари эшитувлар чоғида ўз айбларини тўла тан олишди ҳамда ўзларининг жиноий фаолиятлари, шунингдек гиёҳванд моддаларни Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб ўтишнинг ташкиллаштирилиши ҳақида гапириб беришди. Улар шу йўл билан 20 килограммдан ортиқ кўкнорни олиб ўтишга муваффақ бўлишган.

УЖГнинг барча аъзолари кўриб чиқилган материаллар ҳамда ашёвий далиллар асосида айбдор деб топилди ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид