16:50 / 27.12.2017
10637

Америка компаниялари ҳар йили бекор ўтирган ходимларга 100 млрд доллар тўлайди

Фото: Fotolia

АҚШ компаниялари ходимларга ҳар йили ишда бекорга сарфланган вақт учун 100 млрд доллар тўлайди. Бу ҳақда «Ведомости» Остиндаги Техас Университетининг McCombs School of Business доценти Эндрю Бродски тадқиқотига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Экспертлар 29 касбнинг 1003 вакилини сўровдан ўтказишган. Уларнинг тўртдан уч қисми ишларида бекорга сарфланадиган вақт бўлишини тан олишди, 22 фоиз респондентлар эса бундай ҳолат улар билан ҳар куни юз беришини айтишди.

Тадқиқотчилар бекорга сарфланган вақт сифатида ходим иш ўрнида бўлган, бироқ ўз мажбуриятларини бажармаган вақтни белгилашган: масалан, дўкон сотувчиси харидорларни кутиш чоғида ҳеч нарса билан банд бўлмайди.

Олимлар бундай бекорга кетган вақт қийматини олиш учун уларнинг бир йилдаги ўртача миқдорини офисларда тўлиқ кун давомида ишловчи америкаликлар сонига кўпайтиришди. Тадқиқотчилар бу рақамни мамлакатдаги ўртача иш ҳақига ҳам кўпайтиришган – соатига тахминан 17,09 доллар.

Ҳисобот муаллифи Эндрю Бродскининг таъкидлашича, ишдаги танаффуслар фойда келтириши мумкин: улар ходимларга профессионал «ёниб кетишдан» ҳимояланишда ёрдам беради ҳамда бўш ишчилар учун фавқулодда масалаларни ҳал қилишда кўмак кўрсатади. Бироқ, одамлар кичик юкламада вазифани бутун иш вақтига чўзишга ҳаракат қилади, масалан, банд эканини раҳбариятга кўрсатиш учун, дейди Бродски.

 

Top