Ўзбекистон | 22:20 / 27.12.2017
124340
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон йўлларидаги постларнинг барчаси ёпилмайди

Фото: twitter.com/@GrFaraon1

Ўзбекистон ҳудудидаги 133 постдан 66тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилди.

«Биз қисқа муддат ичида барча постлар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқамиз. Мамлакатимиз ҳудудида 133та ана шундай пост бор. Шундан 60та йўл-патруль хизмати маскани ва 73та патруль-пост хизмати стационар маскани жойлашган. Дастлабки ўрганишларни бошладик. Мана шу жами 133 постдан 66тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда», деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, халқнинг таклифлари, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашни ҳисобга олган ҳолда уларни кескин равишда камайтириш чоралари кўрилади. Ички ишлар органларининг йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимлари босқичма-босқич видеокамералар билан таъминланади.

Бундан аввалроқ Андижон шаҳрига кираверишда ана шундай постлардан бири фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар қилинганди.

Андижон-Наманган автомагистрали орқали Андижон шаҳрига киришдаги халқа йўл 36-ЙҲХга қарашли пост фаолиятини тўхтатган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида вилоятлар ўртасидаги постларнинг жойлашуви нафақат аҳолига, балки иқтисодиётга ҳам катта салбий таъсир кўрсатаётганини танқид қилган ва буни бартараф этиш чоралари кўрилишини талаб этганди.

Мавзуга оид