Жамият | 12:14 / 29.12.2017
33598
4 дақиқада ўқилади

Лаҳзалик “завқ”ни деб...

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Янги йил арафасида дунё бўйлаб пиротехника воситаларидан фойдаланиш кўламининг ортиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо, байрамга ярашмайдиган лаҳзалик “завқ” ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар содир бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилиши энг аввало фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда, хусусан уларнинг саломатликлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикада пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш жорий этилган.

Аммо, айрим фуқаролар қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу нормаларни менсимай, янги йил яқинлашган сайин пиротехника воситаларини республикага олиб киришга уринишмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига доир бир қатор божхона қоидабузарликларини фош этишди. Хусусан, биргина 20 декабрнинг ўзида “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида 4 та шу турдаги божхона қоидабузарлиги аниқланган.

Жумладан, қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ж.Жўраев холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, ушбу шахс курткаси остидан енгларига 800 минг сўмлик 960 дона бенгал шамчироқлари пиротехника воситасини яшириб олиб киришга урингани фош бўлди.

Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринганларнинг яна бири – фуқаро А.Жўраевдир. Божхона назорати зонасига кириб келар экан, ушбу шахс ҳам курткаси чўнтакларига яширилган ва оёғига ёпиштириб боғланган жами нархи 1 млн. сўмдан ортиқ бўлган 550 дона пақилдоқлар, 20 дона петарда ва 840 дона бенгал шамчироқларидан иборат пиротехника воситаларини ҳеч ким сезмайди деб янглишган эди.

Худди шу усулни қўллаб, яъни оёғининг болдир қисмига боғлаб олганча, пиротехника воситаларини олиб киришга уринган фуқаролар Б.Мамбетов ва С.Баймахаматовларга ҳам қинғир режалари наф бермади. Ушбу шахслар салкам 1.5 млн. сўмлик 1872 дона бенгал шамчироқларини яширинча олиб киришаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг яширин олиб кирилишига чек қўйилди.

“Оқкўприк” темир йўл станциясида қўшни давлатдан кириб келган юк поезди вагонларидан бири белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, юклар орасида 5 турдаги салкам 219 кг. пиротехника буюмлари ноқонуний равишда олиб кирилганлиги фош бўлди.

Йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган ушбу товарларнинг умумий қиймати 38 млн. 640 минг сўмдан ортар экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 78 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 102 млн. сўмлик 63,5 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Мавзуга оид