19:50 / 30.12.2017
64624

Kun.uz таснифи бўйича 2017 йилдаги кутилган ва кутилмаган «рокировка»лар

2017 йил ҳар томонлама қизиқарли ва кутилмаган воқеаларга бой бўлишидан ташқари, кўплаб кадрлар алмашинувисиз ўтмади. Kun.uz таснифида Ўзбекистондаги энг муҳим лавозимий ўзгаришлар ҳавола этилади.

Ички ишлар, Мудофаа ва бошқа соҳалардаги «силжиш»

3 январь куни Kun.uz ишончли манбаларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси (собиқ) Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмедбоев лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди. Унинг ўрнига Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келган Азизов Абдусалом Абдумавлонович Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарлигига тайинланганди. 4 сентябрь куни эса Абдусалом Азизов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири этиб тайинланиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 

Фото: Пўлат Бобожонов

Шундай қилиб, Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Пўлат Бобожонов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Мудофаа собиқ вазири Қобул Бердиев Қуролли Кучлар Академияси бошлиғи этиб тайинланган. Дастлабки ошкор бўлган маълумотларда Аҳмаджон Аҳмедбоев шу йилнинг январида лавозимидан озод этилиб, президент маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди. Аммо Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси вақтида собиқ Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмедбоевни хиёнатда айблади. 

«Аҳмедбоевнинг ҳамма генераллари қаерда юрганини биламизми? Уни хиёнат қилгани учун олиб ташладим», деди президент.

Бундан ташқари, Олий суд тизимида ҳам бирмунча «ҳаракатлар» пайдо бўлди, яъни Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров муддатсиз даврга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Шунингдек, Баҳодир Акбаралиевич Деҳқонов беш йил муддатга, Бахтиёр Турсинматович Исаков ҳам ўн йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланди. Декабрь ойига келиб 8 нафар судьянинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайланиши маълум бўлди.

Молия-иқтисод тизимида  

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев Ташқи савдо собиқ вазири Элёр Ғаниев ўрнини эгаллади. Ғаниев эса президент девонига сектор бошлиғи сифатида ўтказилган. Бундан ташқари, 2011 йилдан буён Иқтисодиёт вазири сифатида ишлаб келган Галина Саидова ўрнини Молия собиқ вазири Ботир Хўжаев эгаллади. 

Фото: Жамшид Қўчқоров

Айни пайтда Галина Каримовна Президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. Молия вазирлиги раҳбарлигига эса Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Жамшид Қўчқоров келди. 2017 йил йўқотишларидан бири сифатида кўрилган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб келаётган Файзулло Муллажонов 23 май куни тўсатдан вафот этгач, ушбу лавозимда Мамаризо Нурмуродов иш бошлади. 

ЎзМТРКга келиб кетганлар 

Қарийб 12 йиллик бошқарувдан сўнг, ЎзМТРК раҳбари Алишер Ходжаев лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш (собиқ) вазири Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбарига айланди. Вазирликни бошқариш вазир ўринбосари (айни пайтда вазир) Шерзод Шерматов зиммасига юклатилди. 

Шерзод Шерматов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Жорий йил апрелда ЎзМТРК раиси ўринбосари этиб тайинланган Бобур Алихонов кейинчалик, яъни августнинг илк кунларидан бошлаб компания раҳбари сифатида намоён бўлди. 2017 йил март ойида Президент матбуот хизмати (собиқ) раҳбари этиб тайинланган Асаджон Хўжаев ва ЎзМТРК (собиқ) раҳбари Бобур Алихонов бир пайтнинг ўзида август ойида лавозимидан бўшатилди.

Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Алишер Ходжаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита раиси ўринбосарлигига тайинланган Алишер Ходжаев яна ЎзМТРК раҳбарлигига қайтди. Комил Алламжонов эса Президент матбуот котиби — Ўзбекистон Президенти Ижро аппарати раҳбари ўринбосари этиб тайинланди. У Avtotest инновацион автомактаби ва бошқа лойиҳалар, жумладан «Солиқ инфо» газетаси, бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш бўйича BEM дастурий маҳсулоти ва бошқалар асосчиси сифатида танилган.

Ҳокимларнинг фаолиятига танқидий баҳо ёхуд «ерга тушиш» бошланди

Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган Тошкент шаҳридаги Юнусобод, Чилонзор, Миробод, Яшнобод, Олмазор, Учтепа ва Сергели тумани ҳокими, прокурори, бош солиқчиси ва молиячиси ишдан олинди. Шундан сўнг, ҳудудлардаги ривожланишга «тўртлик» аъзолари бирдек масъул экани алоҳида назарга тушди. Бир йил давомида деярли барча вилоятда камида биттадан туман «тўртлиги» ўзгарди. 

Бир вақтнинг ўзида собиқ амалдорлар хизматида воз кечилмади, жумладан Иқтисодиёт вазири (собиқ) ўринбосари Турдиев Дилмурод Тошкент шаҳри Яшнобод туманига ҳоким этиб тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (собиқ) раҳбари Абдусаматов Бахтиёр Ҳасанович эса Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланган. 2016 йилдан буён «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига раҳбарлик қилиб келган Одилхон Рустамов Шайҳонтоҳур туманига ҳоким этиб тайинланган.  Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Даврон Ҳидоятов Чилонзор тумани ҳокими сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Туробжон Жўраев

Молия вазири ўринбосари, Халқ таълими вазири сифатида ишлаган (2004—2008 йй), кейинроқ 2008—2011 йилларда Сурхондарё вилоятида ҳоким бўлган Туробжон Жўраев ҳам лавозимга қайтди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2011 йилнинг кузида уни Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинлаган, 2013 йилнинг сентябрида эса у қаттиқ танқид қилиниб, ишдан олинганди. У апрель ойида Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Орадан олти ой ўтиб,  Туробжон Икромович Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Тошкент ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлари Шукрулло Бобоев ва Улуғбек Узоқов бир кунда лавозимидан озод этилди. Бунга изоҳни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи берди:

«Тошкент ва Жиззах вилоятларининг ҳокимлари Шукрулло Бобоев ва Улуғбек Узоқов тажрибали одамлар эди. Лекин улар қўшиб ёзишни бошлади. Бир кило бўлса ҳам тоза қил дегандим. Гдлян, Ивановлар керак эмас. Мен ерни тагида илон қимирласа биламан». 

Айни пайтда Жиззах вилоятига Эргаш Солиев раҳбарлик қилмоқда. Шукрулло Бобоев ўрнига Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 

Вазирликлардаги тебраниш

Ислоҳотчи президентнинг бундай қарори барча ёшларни руҳлантириб юборди. Зеро, 30 июнь куни Шавкат Мирзиёев эндигина институтни тамомлаган Алишер Саъдуллаевни Халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинлади. Шунингдек, 25 ёшли олим Олимжон Тўйчиев Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимида иш бошлади. 

Янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигига бунгача Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори лавозимида ишлаган Агрепина Шин вазир этиб тайинланди. 2017 йилда яна бир ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигига проф. доктор, TWAS академиги Иброҳим Абдурахмонов раҳбар этиб тайинланди. Апрель ойида Президент фармонига кўра ташкил қилинган Уй-жой коммунал хизматлар вазирлиги биринчи вазири Э.Искандаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган. Кейинчалик, Музаффар Ҳолдорбоевич Солиев Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизматлар вазири этиб тайинланди.

2012 йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаев эса қайтадан ташкил этилган Маданият вазирлигига раҳбар этиб тайинланди. Бундан аввал, 24 февраль куни Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри директори Маҳмуд Муродов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири этиб тайинланганди.

Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаев
Фото: Маданият вазирлиги

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига бу пайтгача Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (собиқ) бош директори лавозимида ишлаб келган Актам Ҳайитов раҳбари этиб тайинланди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари (собиқ) вазири эса Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. 2015 йил бошидан буён Музраф Икромов раҳбарлик қилган Адлия вазирлигига 2017 йил январигача Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Руслан Давлетов вазир этиб тайинланди. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас, 22 декабрь куни давлат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизимидаги собиқ вазир ва собиқ бошқарма бошлиғининг иш услубини жиддий танқид қилган эди. Ушбу сўзлардан бир кун ўтиб, собиқ Молия вазири (Рустам Азимов - таҳр.) ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, молия тизимининг номига доғ тушираётган ходимларни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган. 

Шундан сўнг, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан  273 нафар (23 нафари раҳбар ходим), Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим), Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим), Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар давлат идораси номига доғ туширган ходимлар ўз лавозимидан озод этилди. 

Шавкат Мирзиёев ушбу Мурожаатномани ўқиб эшитираркан, келгуси йилда ҳам лавозимдан бўшатишлар кам бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Чунончи, Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхона раҳбарларига алоҳида топшириқ берган.

Top