10:21 / 30.12.2017
13566

Ўзганинг ҳақига хиёнат

Илёсжон Саломов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистон туманидаги мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ўқув спорт-техника клуби раҳбари лавозимида ишлаб, ўзига яраша обрў-эътибор қозонган эди. Ҳалоллик бобида ёшларга ибрат кўрсатиш ўрнига ўзганинг ҳақига чанг солгани, эллик беш ёшида мисқоллаб йиққан обрўсини елга совурганидан афсус-надомат чекаяпти. Клуб бош ҳисобчиси Гавҳархон Исомиддинова, ходимлар бўлими бошлиғи Зиёдахон Аҳроровалар ҳам айбларига иқрор, қилмишларидан астойдил пушаймон бўлишди, деб ёзмоқда «Ҳуқуқ» газетаси.

Улар ўзаро жиноий тил бириктириб, клубда таҳсил олган ўқувчиларнинг нақд тўлов пулларини банк кассасига топширмай, ташкилотнинг ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, шахсий эҳтиёжларига сарфлашаверган экан. Шу тахлитда гуруҳ аъзолари 2013 йилнинг март ойидан 2016 йилнинг ноябригача салкам 61 млн сўм тўлов пулларини ўзлаштиришган.

Улар бу билан қаноатланмасдан, ишчи-ходимларнинг иш ҳақи ведомостларига сохта ёзувлар киритиб, қалбаки ҳужжатларни банк муассасасига тақдим этишади ва ортиқча иш ҳақларини ўзларининг пластик карталарига тушириб олишаверади. Учовлон 2015 йилнинг сентябрь ойидан 2016 йилнинг ноябрь ойига қадар 69 млн 611 минг сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний равишда қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларини қондиришади.

Клуб раҳбари, ходимлар бўлими бошлиғи ва бош ҳисобчи ўзганинг жуда кўп миқдордаги, жами 130 млн 600 минг сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишгани тергов жараёнида ҳужжатли далиллар билан тасдиқланди.

Суд И.Саломов, З.Аҳророва ва Г.Исомиддинованинг қилмишига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. 

Top