Иқтисодиёт | 20:30 / 09.01.2018
52917
9 дақиқада ўқилади

Статистика. 2017 йилда нархлар ошиши ва 2018 йил учун прогноз

2017 йилда Ўзбекистонда истеъмол секторида инфляция даражаси 14,4 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Истеъмол нархлари индекси (ИНИ), мамлакат истеъмол секторида инфляция даражасини ифодалайдиган асосий индикатордир.

Ўзбекистонда ИНИ ҳисоблаш тизими 1994 йилнинг январь ойидан бошлаб Халқаро Валюта Фонди (ХВФ)нинг техник кўмаги асосида амалга оширила бошлади.

ИНИ «Истеъмол нархлари индекси бўйича қўлланма: Назария ва амалиёт» (ХВФ, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш фонди, Евростат, ЭИК, Жаҳон банки ва ХМТ) услубий низомига асосан шакллантирилади.

Ҳозирги вақтда ИНИ ҳисоблашда истеъмолдаги 350 турдаги товар ва хизматлар тўпламидан фойдаланилади. Булар уч йирик гуруҳга – озиқ-овқат (96та), ноозиқ-овқат товарлари (188та) ҳамда хизматларга (66та) бўлинган. Шундай қилиб ИНИни ҳисоблаш учун истеъмол тўплами, аҳоли томонидан энг кўп истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар республиканинг барча ҳудудлари учун ягона бўлган гуруҳини ифодалайди.

Давлат статистика қўмитаси хабарида таъкидланишича, ИНИни ҳисоблашда нарх омилига қўшимча равишда (яъни, товар ва хизматларнинг ҳақиқий нархини ўзгаришида) маълум товар ва хизматларнинг ўзига хос аниқ салмоқ ҳиссалари ҳам таъсир қилади. Шундай қилиб, истеъмол нархлари индекси бўйича бутун мамлакат бўйлаб товар ва хизматларнинг нархлари ҳаракати хилма-хиллиги (ўртачалаштириб) умумлаштирилади.

2017 йилда озиқ-овқат товарлари 15,9 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 16,1 фоизга, хизматлар 8,6 фоизга қимматлашди.

Истеъмол нархлари индекси ва инфляция даражаси

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Истеъмол нархларининг ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1 фоизга ошиб бориши маҳалида, нархларнинг сезиларли даражада ноябрда 2,0 фоизга ва декабрь ойда 2,7 фоизга кўтарилиши кузатилиб, минимал ўсиш эса июнда 0,3 фоиз ва июль ойида 0,4 фоиз қайд этилди.

2017 йил учун товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси динамикаси

Фото: Давлат статистика қўмитаси

2017 йилда инфляция даражасига таъсир кўрсатган омиллар

2017 йилда содир бўлган инфляция жараёнларининг қуйидаги асосий омилларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

- девальвация ва миллий валютани эркинлаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсат инфляция суръатларининг тезлашишига олиб келиб, товарлар ва хизматлар нархларининг умумий ўсишига таъсир этди.

Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмида истеъмол нархлари 5,2 фоизга ошиб, йилнинг охирги тўрт ойи давомида эса (сентябрь – декабрь ойлари оралиғида) нархларнинг кўтарилиши 7,6 фоизни ташкил этди. Бу импорт товарлар нархларининг ошиши, шунингдек, ички бозорга ўз маҳсулотларини етказиб берадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар харажатларининг кўпайиши билан боғлиқ. Бунга мисол, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун чакана нархларнинг бир йилда ўртача 1,5 баробарга қимматлашишидир.

Маълумот учун: 2014 йилда Россия рублининг деярли 2 баробарлик девальвацияси йиллик инфляция даражаси 11,4 фоизга ўсишига олиб келди (2013 йилда бу кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил этган), Қозоғистонда эса 2015 йилда миллий валютанинг девальвацияси истеъмол нархларининг 13,6 фоизга кўтарилишига сабаб бўлди (таққослаш учун, 2014 йилда мамлакатда инфляция 7,4 фоизни ташкил этган).

- 2017 йил ноябрдаги бензин нархининг 39,7 фоизга қимматлашиши, ИНИнинг 0,5 фоиз даражага кўтарилишига олиб келди. Шуни таъкидлаш лозимки, амалда бензин нархининг ўсиши бевосита бошқа товарлар ва хизматлар қийматининг (уларнинг ишлаб чиқариш ва ташиш харажатларининг кўпайиши ҳисобига) ошишига таъсир қилади.

- уй-жой коммунал хизмати тарифларнинг 7,1 фоизга ошиши инфляция даражасини 0,4 фоизлик даражасида ўсишини таъминлади.

Давлат статистика қўмитаси мамлакатда инфляция жараёнлари тезлашишининг яна бир омили сифатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келгусида нархларни янада кўтарилишидаги кутилишлари, бунга оид объектив сабаблар бўлмаган тақдирда ҳам нархларнинг кўтарилишлари мумкин. Инфляцион кутилмалар, истеъмолчиларнинг фойдаланиш учун маҳсулотларни захирага ола бошлашларига сабаб бўлади, бу эса нархларнинг янада ўсишига туртки бўлиши мумкин.

Ёз ойларида инфляция даражасининг секинлашишига асосий сабаб, бу мавсумий жараёнлар ва мева-сабзавот маҳсулотларининг янги ҳосилдан бозорларни тўйинтирилиши билан боғлиқ. Бу ўз навбатида мева ва сабзавотлар нархларининг пасайишига олиб келди (июнь ойида - 13,8 фоизга, июлда - 14,9 фоизга, августда - 4,6 фоизга).

Товарлар ва хизматлар нархларининг умумий истеъмол нархлари индексининг ўсишига таъсирининг таркиби

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Озиқ-овқат маҳсулотлари учун истеъмол нархлари индекси

Юқорида айтиб ўтилганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари йилда ўртача 15,9 фоизга қимматлашди, бу ўз навбатида истеъмол нархлари индексининг умумий ўсишини 6,9 фоиз даражасига олиб келди.

Йил давомида нархларнинг ўзгариш динамикаси бир маромда бўлмади: мавсумий тенденциялар билан боғлиқ ҳолда июнь ва июль ойларида озиқ-овқат нархлари 1,0 фоиз ва 0,7 фоизга пасайди, 2017 йилнинг декабрь ойида эса нархлар ошишининг энг юқори кўрсаткичи кузатилди (ой учун 4,4 фоиз).

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун истеъмол нархлари ўзгариши қуйида келтирилган:

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши 2017 йил январь-декабрь ойлари учун (2016 йил декабрига нисбатан)

Фото: Давлат статистика қўмитаси

ИНИ ўсишининг умумий таъсири 6,5 фоиз даражани ташкил этди

2017 йилда ловия нархлари 42,4 фоизга, тухум 36,1 фоизга, мол гўшти 35,9 фоизга, нўхат 33,2 фоизга, парранда гўшти 33,1 фоизга, қўй гўшти 31,4 фоизга, шакар 28,8 фоизга, маргарин 21,3 фоизга, сут 20,6 фоизга, сариёғ 19,9 фоизга, творог 18,5 фоизга, қаҳва ва чой - 17,0 фоизга, гуруч 16,2 фоизга, ўсимлик мойи 15,3 фоизга, пишлоқ 15,1 фоизга, қандолат маҳсулотлари 14,0 фоизга, ун 10,4 фоизга ўсди.

2017 йилнинг декабрь ойида республика вилоятларида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари орасидаги тафовут сақланиб қолди:

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Республика ҳудудлари орасида мол гўштининг энг юқори ва энг паст нархли орасидаги фарқ 1,3 баробар, қуй гўштида - 1,5 баробар, гуручда - 2,0 баробар ва картошкада - 1,3 баробар.

Ноозиқ-овқат товарлари истеъмол нархлари индекси

2017 йилга келиб ноозиқ-овқат товарлари 16,1 фоизга ошиб, бу эса ИНИнинг 5,7 фоиз даражасида ўсишига олиб келди.

Ушбу гуруҳ товарлари нархларининг ўсиш динамикаси нисбатан барқарор тенденция билан тавсифланади:

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Кийим-кечак, пойабзал, газлама ва маиший тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш моллари, маданий маҳсулотлар, шахсий гигиена маҳсулотлари, шахсий транспорт ва бензин нархларининг ошиши жами ИНИнинг 27,4 фоизга тенг бўлди ёки инфляциянинг умумий ўсишига 4,0 фоиз даражасида таъсир қилиб, бу қуйидаги диаграммада аниқ кўрсатилган:

Фото: Давлат статистика қўмитаси

ИНИни умумий ўсишига таъсири 4,0 фоиз даражани ташкил этди

Хизматлар бўйича истеъмол нархлари индекси

Мамлакат аҳолисига хизмат кўрсатиш бўйича нархлар ва тарифлар йил давомида ўртача 8,6 фоизга ошди, бу эса, ИНИ умумий 1,8 фоиз даражасида ўсишига олиб келди.

Ушбу соҳадаги асосий инфляция омиллари алоқа хизматлари тарифларини 23,9 фоизга, юридик ва банк хизматлари 15, фоизга, маиший хизматлар 8,3 фоизга, уй-жой коммунал хизматлари 7,1 фоизга, йўловчи ташиш транспорт хизматлари 6,9 фоизга ўсиб, ИНИнинг умумий ўсиш суръатига 1,4 фоиз даражасида таъсир кўрсатди (таъсир улуши 9,9 фоиз).

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Экспертларнинг 2018 йил учун прогнозлари

Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2018 йилда республикада инфляция 14,3 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 2018 йилда инфляция даражаси 11,5 - 13,5 фоиз оралиғида бўлишини тахмин қилмоқда.

Бизни 2018 йилда нима кутмоқда?

Бугунги кунда ушбу масала мамлакат аҳолиси учун жуда муҳимдир.

Инфляция - иқтисодий ўзгарувчан ўлчам бўлиб, у кўплаб омиллар таъсирида бўлади, жумладан:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий газ ва электр энергияси этказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1025-сонли қарорига асосан, 2018 йилда қурилиш материаллари нархи ошиши кутилмоқда, бу эса ноозиқ-овқат товарлар нархлари индексининг ўсишига ва умумий инфляция даражасига таъсир этиши кутилмоқда;

- 2018 йилда нарх-наво динамикасини белгиловчи яна бир омил бу доллар курси;

- юқорида таъкидланганидек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келгусида нархларнинг кўтарилишидаги инфляцион кутилмалари, малакатдаги нархларнинг ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Мавзуга оид