19:50 / 15.01.2018
55935

Циркда йўлбарс ва шер отга “ташланди” (видео)

Фото: Daily Mail

Хитойдаги цирклардан бирида репетиция вақтида йўлбарс ва шер отга ҳужум қилди. Ушбу ҳолат тасвирланган видео Daily Mail томондан намойиш қилинди.  

Цанчжоу шаҳридаги циркда олинган роликда оқ рангли от унга ҳужум қилган шер ва йўлбарсни итқитиб юборишга ҳаракат қилиб, саҳна бўйлаб югуриб юрганини кўриш мумкин. Унга ҳайвон ўргатувчилар йиртқичларни савалаб ёрдам беришга уринишади. От онлардан бирида йўлбарсни устидан ағдаришга муваффақ бўлади, бироқ унга хиппа ёпишиб олган шер уни қўйиб юборишни асло истамайди. Бир неча дақиқалик олишувдан кейин охир натижада от цирк ходимлари кўмаги билан тажовузкор йиртқичлар чангалидан қутула олади. 

Цирк ходимларидан бирининг таъкидлашича, шоу муаллифларининг ғоясига кўра, йиртқичлар махсус эгарда от устида юришлари керак бўлган. “Йўлбарс ва шер отдан фарқли, йиртқич ҳайвонлардир. Шу сабабли уларнинг ўзларини бундай тутишлари табиий ҳолдир”, деб айтган цирк ходими бамайлихотирлик билан. Унинг айтишича, отга жиддий зарар етмаган, у “майда жароҳатлар” олган.

Хитойлик интернет фойдаланувчилар Weibo ижтимоий тармоғида ушбу видеога танқидий изоҳлар қолдиришган ва циркда ҳайвонларга бераҳм муносабатда бўлиниши юзасидан ҳукуматга арз қилишларини айтишган. 

Top