Жамият | 09:30
1346
1 дақиқада ўқилади

Тошкент марказида от чоптирган уч нафар шахс ИИБга чақирилди

Тошкент шаҳри марказида тунда автомобил йўлида от чоптирган уч нафар шахс ички ишлар органлари томонидан аниқланиб, профилактик суҳбат учун ИИБга чақирилди. Улар қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, бундай ҳолатни бошқа такрорламасликка ваъда берган.

Фото: ИИБ/Видеодан кадрлар

Ҳодиса Шайхонтоҳур тумани ҳудудида содир бўлган бўлиб, унинг видеоси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тарқалган видеода уч нафар отлиқ тунда йўлнинг ўнг қатори бўйлаб ҳаракатланаётгани, автомобилларга йўл бермагани акс этган. Видеотасвирга олаётган автомашина тахминан соатига 60 километр тезликда ҳаракатлангани ҳам кўриниб туради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолат иштирокчилари аниқланиб, улар ички ишлар органларига чақирилган.

Маълум қилинишича, улар ўз қилмишини тан олиб, хатосидан пушаймон эканини билдирган ва келгусида бундай ҳаракатларга йўл қўймасликка ваъда берган.

Ички ишлар органлари эса умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида бундай ҳаракатлар нафақат иштирокчиларнинг ўзи, балки бошқа йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаёти ва соғлиғи учун ҳам жиддий хавф туғдиришини эслатди. Шу муносабат билан фуқаролардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид