Жаҳон | 14:20 / 15.01.2018
9387
2 дақиқада ўқилади

Эрон муносабатлар совуқлашганига қарамай, Туркманистондан газ олмоқчи

Фото: IRNA

Эрон Миллий газ компанияси раҳбари Ҳамид Рози Аракийнинг IRNA агентлигига айтишича, Теҳрон Ашхободдан табиий газ харид қилишдан ҳали ҳам манфаатдор.

«Бироқ, агарда улар келажакда нархни пасайтиришга рози бўлмаса, биз бу масалани халқаро арбитраж судида кўриб чиқамиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Эроннинг халқаро арбитраж судига аризаси уч қисмдан иборат: Туркманистон 2017 йилнинг январида газни аввалдан огоҳлантирмай туриб ўчириб қўйган, газнинг сифати паст бўлган, нархи эса юқори.

Туркмангаз ва Миллий газ компанияси ўртасидаги можаро Туркманистон томони Эрондан 1,8-2 миллиард долларлик қарзни қоплаш талаби билан чиққанидан сўнг юз берди. Қарздорлик 2007-2008 йилларда юзага келган бўлиб, ўшанда Эрон совуқ об-ҳаво туфайли Туркманистондан харид қилинувчи газ ҳажмини оширишга мажбур бўлган.

Бироқ, туркман томони газ ҳажми учун нархни бир неча баробарга ошириб, шартномада кўрсатилгандан юқори нарх қўйди. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний маъмуриятининг иддао қилишича, етказиб берилган газга кейинги уч йил давомида тўлиқ ҳақ тўлаб берган. Аввалги қарзлар эса бошқа ҳукумат даврида пайдо бўлган ҳамда уларнинг миқдорини, маъмурият фикрича, туркман томони билан яна бир карра муҳокама қилиш зарур.

Эслатиб ўтамиз, Эрон мамлакат жанубида йирик табиий газ конларига эга, бироқ 1997 йилдан бошлаб ўзининг шимолий вилоятлари учун Туркманистондан газ импорт қилиб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид