19:46 / 15.01.2018
11544

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 24,3 фоизга ошди

15 январь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан "Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти" мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди ва у жонли эфирда трансляция қилинди. Матбуот анжуманида Қўмита раиси А.Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тубдан янгилаш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилиш, хавфсиз туризм концепцияси, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқими, 2018 йилги режалар, туризмни ривожлантиришдаги ҳуқуқий асослар, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини халқаро туризм бозорига кириб боришини таъминлаш тўғрисида ахборот берди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов

Вазирнинг сўзларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 миллион 520 минг нафардан ортиқни ташкил қилган. Бу 2016 йилга нисбатан 24,3 фоизга кўп демакдир. Шу билан бирга, туризм хизматлари экспорти 2016 йилга нисбатан 24 фоизга ошиб, 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йил давомида 101 та жойлаштириш воситаси ва 128 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Ҳозирга келиб уларнинг сони 851 та жойлаштириш воситаси ва 561 та туроператорни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда туроператорлик ва меҳмонхона фаолиятини сетификатлашнинг тасдиқланган янги низоми бўйича ўтган давр мобайнида жами 442 та туризм хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, яъни 221 та меҳмонхона ва 221 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи субъектлар сертификатланган бўлса, туризм фаолияти субъектларини лицензиялашнинг янги низоми асосида жами 128 та тадбиркорлик субъектларига туроператорлик фаолиятини амалга ошириш хуқуқини берувчи лицензиялар тақдим қилинди.

Бугунга қадар Туризм соҳасидаги кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика маркази томонидан 1060 нафар мутахассис: 298 нафари қайта тайёрланди, 292 нафари малакаси оширилди, 470 нафари семинар ва мастер-классларда иштирок этди.

Top