Жаҳон | 23:19 / 16.01.2018
2974
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик ўқитувчиларда баҳоларни смартфонларда қўйиш имкони пайдо бўлади  

Қозоғистон таълим ва фан вазири ўринбосари Асхат Аймагамбетов ўқитувчилар учун махсус мобил дастурлар жорий қилиниши режалари ҳақида маълум қилди. 

“Лойиҳаларнинг кўрсатишича, мобил дастурлар ўқитувчилар учун жуда фойдали ва қулай. Биз баҳорга яқин бу мобил дастурлар бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда жорий қилинишга тайёр бўлишини режалаштирмоқдамиз. Бу дастурлар биринчи навбатда ўқитувчилар ўз мобил қурилмалари орқали баҳо қўя олишлари учун зарур”, деб айтган Аймагамбетов матбуот анжуманда. 

Аймагамбетов ўқитувчилар одатдаги журнал билан бирга унинг электрон версиясини олиб боришларига тўғри келаётганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, вазирлик тегишли буйруққа ўзгартиришлар киритган ва энди агар мактабда кенг полосали интернет мавжуд бўлса, ўқитувчилар маълумотларни икки журналга ҳам киритишга мажбур бўлмайдилар. 

“Баъзи мактабларда ҳам қоғоз, ҳам электрон журналлар юритилган ҳолатлар бўлган. Шу сабабли, ҳозир бу муаммо мавжудлигини билган ҳолда, вазирлик буйруғига ўзгартириш киритдик. Агар таълим муассасасида кенг полосали интернет мавжуд бўлса, унда журналларни фақатгина электрон кўринишда юритиш керак”, деб айтган Аймагамбетов.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид