Жаҳон | 19:04 / 17.01.2018
6104
2 дақиқада ўқилади

Британияда “ёлғизлик” бўйича вазирлик ташкил этилди

Фото: СС0 Public Domain

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй спорт ва жамият масалалари бўйича вазир Трейси Краучни “ёлғизлик” бўйича вазир этиб тайинлади. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда. 

Мэйни янги вазирлик ташкил этишга лейбористлар партиясидан парламент аъзоси Жо Кокснинг фаолияти илҳомлантирган. Кокс 2016 йилда ўлдирилган. У ёлғизлик бўйича комиссияни бошқарган ва ўзларини ёлғиз ҳис қилувчиларга ёрдам бериш мақсадида чоралар кўриш, махсус давлат идорасини ташкил этишга чақирган. 

Мутахассислар мамлакатда “ёлғизлик эпидемияси” авж олган деб хавотирланмоқдалар. Британиянинг 65,6 млнлик аҳолисидан 9 млн.дан кўпроқ киши ўзини ёлғиз ҳис қилади.

Вазирлик айнан қандай ишлар билан шуғулланиши маълум қилинмаган, бироқ у Кокс томондан яратилган ёлғизлик бўйича комиссия билан ҳамкорлик қилади.

41 ёшли Кокс 2016 йил июнда, Brexit референдумидан бироз олдин ўлдирилган. Унинг қотили Томас Мейр умрбод қамоқ жазосига тортилган. У Коксга қўлбола тўппончадан уч марта ўқ узган ва бунда “Авваламбор Британия” деб қичқирган. Бу ибора шундай номдаги партиянинг шиори бўлиб, бу партия муҳожирларга қарши акциялар ва мусулмонларга ҳужумлар уюштириш ҳамда Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича ташвиқот олиб бориши билан маълум. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид