Жаҳон | 20:40 / 25.01.2018
7188
2 дақиқада ўқилади

Польша муфтийси мамлакатдаги адоват ва бидъатлардан ташвиш билдирди 

Польшалик мусулмонлар Польшадаги ксенофобия (ўзгаларга адоват) ва бидъатлардан ташвиш билдирмоқдалар. Бу ҳақда Польша муфтийси Томаш Мицкевичнинг баёнотида айтилган. 

“Ксенофобия, адоват ва бидъат оқибатида тобора кўпайиб бораётган чиқишлар ва ҳужумлардан хавотирдаман”, деб айтган Мицкевич.   

Унинг айтишича, Польшада яшовчи мусулмонлар, жумладан татарлар – мамлакатда қонуний ҳолда яшаётган Польша фуқаролари ҳам, хорижликлар ҳам “бу ерда ўзларини хавфсизликда ҳис қилишга ҳақлидирлар”.

Муфтийнинг фикрича, неофашист ташкилотлар “хавфсизлик ҳисси ва Польшанинг кўп маданиятли, кўп миллатли қиёфасига путур етказиб” жамиятда жиддий хавотирлар уйғотмоқда.

“Бу хавотирлар бўрттирилмаган. Бу юз бермоқда. Биз бу масалада аниқ, сермаҳсул ва изчил муносабатга умид қиламиз, зероки улар польшаликлар, жумладан ўз ватани – Польшага садоқат билан хизмат қилган мусулмон-татарлар манфаатларига хизмат қилсин”, деб айтилган муфтий баёнотида.

Польшада яшайдиган мусулмон фуқаролар хорижлик мусулмонлар билан бирга 20-25 минг кишини ташкил қилади. Хорижликлар асосан талабалар, дипломатлар, тадбиркорлар ва мусулмон давлатларидан келган қочқинлардир.

2017 йил ноябрда Варшаванинг Охота туманидаги мусулмон маданияти маркази тошбўрон қилинган, ойналари синдирилган. Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. 

Бундан аввалроқ Польша ички ишлар вазири Йоахим Бруджиньский Белосток шаҳрида Саудия Арабистони пулига мусулмон маркази қурилишини қўллаб-қувватламаслигини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид