Спорт | 00:27 / 26.01.2018
7881
2 дақиқада ўқилади

Россиядан қишки Олимпиадага 169 спортчи борадиган бўлди

Фото: Championat.asia

Халқаро Олимпия қўмитаси Россия Олимпия қўмитасининг (РОҚ) Пхёнчангдаги Олимпиадага якуний аризасини тасдиқлади. Унга кўра, Олимпиадага 169 нафар россиялик спортчи боради. Бу ҳақда РОҚнинг биринчи вице-президенти Станислав Поздняковга иқтибос келтирган ҳолда “Интерфакс” ахборот агентлиги маълум қилди. 

Россиядан Олимпиадага кузатувчи персонал билан биргаликда 340 киши боради.

“Афсуски, бизнинг етакчи спортчилар аризага киритилмадилар, биз бу борада ХОҚ билан икки кун ишладик. Ишонаманки, таркибимиз озайганига қарамасдан, Олимпиадага борадиган ҳар бир спортчи нафақат ўзи учун, балки бизнинг нуқтаи назардан, Олимпиададан ноҳақ четлатилганлар учун ҳам беллашади”, деб айтган Поздняков.

2014 йилги Сочидаги Олимпиадага 15 та спорт тури бўйича 225 россиялик спортчи танланганди. Ўшанда Россия терма жамоаси спортчилар сони бўйича АҚШдан кейин 2-рақамли терма жамоа бўлганди. АҚШдан Сочига 230 спортчи борганди.

ХОҚ кўпгина етакчи россиялик спортчиларни Олимпиадага қўймади. Улар орасида шорт-трекчи Виктор Ан, биатлончи Антон Шипулин, чанғичи Сергей Устюгов, фигурачилар Ксения Столбова ва Иван Букин каби номдор спортчилар бор. Таъкидланишича, бу етакчи спортчиларсиз россиялик спортчилар барча турлар бўйича медалларга имкониятдан деярли маҳрум бўладилар.

ХОҚ Россия терма жамоасини Олимпиададан допинг можароси сабабли четлатди. Олимпиадага допингга аралашмаган “тоза” спортчиларнигина қўйишга қарор қилинган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид