Ўзбекистон | 18:20 / 29.01.2018
5590
2 дақиқада ўқилади

Матбуот ва ахборот агентлиги самарадорлигини Вазирлар Маҳкамаси баҳолайди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2017 йилдаги 1038-сон қарори билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА) тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.uz.
 
Эслатиб ўтамиз, ЎзМАА ташкилий тузилмаси, марказий аппаратининг тузилмаси, шунингдек Қорақалпоғистон агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларининг тузилмалари президентнинг 17.08.2017 йилдаги ПҚ–3223-сон қарори билан тасдиқланган. 
 
Низомда ЎзМАА ва унинг ҳудудий бўлинмалари мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятни амалга ошириш ва ҳисобот топшириш тартиби, шунингдек унинг раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланган.
 
Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

• Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
• Ғафур Ғулом номидаги, Чўлпон номидаги, шунингдек «O'zbekiston» ва «O'qituvchi» нашриёт-матбаа уйлари;
• «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти;
• Кўзи ожизлар босмахонаси (унинг базасида кўзи ожизлар учун Брайль бўйича турли адабиётлар ва матбаа маҳсулотлари нашр этишга ихтисослашган нашриёт фаолият юритади);
• Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси;
• Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси.
 
Агентлик Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради. ЎзМАА фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан мунтазам баҳолаб борилади. Баҳолаш мезонлари Ҳукуматнинг назорат қилувчи комплекси раҳбари томонидан тасдиқланади.
 
Баҳолаш якунларига кўра қуйидаги чоралар қабул қилинади:

• Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
• Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг ишини янада такомиллаштириш.
 
Ушбу ҳужжат 5.01.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид