Ўзбекистон | 09:26 / 30.01.2018
11140
4 дақиқада ўқилади

Ноёб маданий бойликларнинг Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйилмади 

Республиканинг қўшни давлатлар билан стратегик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида бир қатор чегара-ўтказиш пунктларида ҳам жисмоний шахслар учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда, деб хабар беради Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Хусусан, Қозоғистон Республикаси билан давлат чегарасида жойлашган ўтказиш пунктларини замон талабларига мос равишда тўлиқ реконструкция қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Буларнинг баридан кўзланган мақсад, жисмоний шахсларнинг божхона назоратидан ўтиш тизимини янада соддалаштириш ва тезлаштиришдан иборатдир. Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Аммо, бу каби яратилаётган қулайликлар ва шарт-шароитларни суиистеъмол қилишга уринаётган шахслар ҳам учраб турибди. Маълумки, Давлат божхона қўмитаси республикада қонун ҳужжатларига мувофиқ маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби устидан назоратни амалга оширади. Яқинда мазкур комплекс ходимлари йирик миқдордаги ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг республикадан олиб чиқишга бўлган уринишни бартараф этишди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Гап шундаки, мазкур божхона комплекси орқали қўшни давлатга йўл олган фуқаро Н.И.нинг қўл юки белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, назорат-рентген аппаратида шубҳали тасвирлар акс этди.

Шундан сўнг, ушбу пакет холислар иштирокида ва белгиланган тартибда очиб кўрилганида, унда 1800-1956 йиллар оралиғида зарб қилинган 886 дона тангалар, шунингдек кўринишига кўра, улардан-да тарихий ҳисобланувчи 244 дона қадимий, 1140 дона мис ва 1 дона араб тилида зарб қилинган кумуш тангалар борлиги аниқланди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Бундан ташқари, Н.И. йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, собиқ Иттифоқ даврига оид 5 турдаги 69 дона орден ва медалларни ҳамда 3 дона мукофотни тасдиқловчи гувоҳномаларни ҳам олиб чиқишга уринган.

Аслида ушбу тарихий буюмлар бебаҳо ҳисобланса-да, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра уларнинг тахминий қиймати салкам 17.5 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ўтказиладиган бадиий экспертиза натижаларидан сўнг, ушбу буюмларининг тарихий аҳамияти ва қиймати юзасидан якуний хулосага келинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунига кўра, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши, вақтинча олиб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида қарорларни фақат Ўзбекистон Республикасининг Маданият вазирлиги қабул қилади.

Мазкур қонунга кўра, давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган, давлат ва жамоат музейларида, архивларида, кутубхоналарида ва бошқа сақлаш жойларида доимий сақланаётган, шунингдек эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2017 йилда республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 67 та қонунбузарлик натижасида 8276 дона ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид