Ўзбекистон | 08:22 / 01.02.2018
20034
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон оёғидан яраланган шахсни Қирғизистонга топширди

Фото: © Sputnik / Табылды Кадырбеков

31 январь куни «Дўстлик» ўтказиш пунктида Қирғизистонга Асан Усенбаевни топширди, у Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш чоғида қўлга олиш пайтида оёғидан яраланганди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати хабарига кўра, қирғиз томонидан НЎПга Қирғизистон чегара хизмати вакилидан ташқари, А.Усенбаевнинг қариндошлари, тиббиёт ходимлари, бошқа мутасадди шахслар келган.

А.Усенбаев Ўш вилояти шифохонасига тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилди. У бугун Бишкекка учиб кетиши керак. 

Рўй берган ҳолат юзасидан ҳар икки томон ҳам ўз суриштирувини ўтказмоқда, унинг натижаларига кўра чегарада келажакда бундай воқеаларга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чегара наряди 27 январь куни Қирғизистон фуқаросига нисбатан қурол қўллаганди. Маълум бўлишича, Жалолобод вилоятининг Ола-Бўка тумани Ажак қишлоғида яшовчи А.У. майда шохли молни давлат чегараси яқинида ўтлатиш вақтида Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган. Ўзбекистон чегара хизмати вакилининг хабар беришига кўра, қирғизистонлик ўзбек чегарачилари наряди томонидан аниқланган ва қўлга олиш чоғида Ўзбекистон ҳудудидан Қирғизистон томонга қочишга уринган. Ўзбек томонининг таъкидлашича, Ўзбекистон чегарачилари қурол қўллашга мажбур бўлишган, сабаби қонунбузар огоҳлантирувлар ва талабларга эътибор бермаган, кечки пайт бўлгани сабаби чегара отряди у оддий фуқаро эканини аниқлай олмаган. Натижада Қирғизистон фуқароси чап оёғидан яраланган.

Мавзуга оид