Light | 20:58 / 03.02.2018
46803
2 дақиқада ўқилади

Олимлар ҳуррак отишнинг энг катта хавфини маълум қилишди 

Фото: Fotolia / milatas

Уйқу вақтида кислород етишмаслиги деменция (фикрлаш қобилиятининг заифлашиши) ривожланиши хавфини 3 марта оширар экан. Буни Квинсленд университети (Австралия) олимлари аниқлашди.   

Уйқудаги апноэ – нафас олиш бузилиши ва ҳуррак отиш билан кечувчи касалликка эга одамлар хатар гуруҳига кирадилар, чунки кислород очлиги миянинг баъзи соҳалари дегенерациясига (заифлашиш) олиб келади. Жумладан, эътибор ва таълим учун жавобгар соҳалардаги ҳужайралар ўлади.

Профессор Элизабет Коулсон бошчилигидаги олимларнинг фикрича, апноэнинг эрта босқичда даволаниши деменциянинг энг кенг тарқалган шакли – Альцгеймер касаллиги ривожланишини тўхтатиши ёки олдини олиши мумкин. Мутахассисларнинг аниқлашича, бу касалликнинг биринчи аломатлари кекса одамларда апноэ пайдо бўлганидан тахминан 10 йил ўтиб кузатилади.

Энди олимлар тадқиқотга 55 ёшдан 75 ёшгача бўлган одамларни жалб қилишмоқчи: улар апноэнинг даволаниши деменциянинг олдини олиши-олмаслигини аниқлашмоқчи.

Уйқудаги апноэ учун ўпка шамоллатилишининг 10 сониядан кўпроққа тўхташи хос бўлиб, унда кишида кундузги уйқучилик пайдо бўлади, сурункали чарчоқ синдроми ривожланади, хотира ва онг заифлашади. Апноэ қоидага кўра кучли ҳуррак отиш билан кечади.

Мавзуга оид