Деменция - бир қатор касалликларнинг умумий аталиши бўлиб, унда мия тўқималарининг ўлиши рўй беради. Касаллик мия тўқималарининг бир-бирига узвийлигини таъминлайдиган ацетилхолин моддаси етишмаслигидан келиб чиқади. Бунда беморларнинг 60 фоизида Альцгеймер кузатилади. Касаллик вақт ўтиши билан кучайиб боради ва беморнинг бутунлай имконсизлигига олиб келади. 

Унинг биринчи белгиси сифатида эслаш қобилияти бузилади. Кекса одам нафақат янги хабарни эслай олмайди, балки ўзида илгари мавжуд хабарларни ҳам эсдан чиқаради. У кеча, ундан олдин, ўтган йил нима бўлганини хотирасидан йўқотади. Беморлар кўпроқ болалик хотираларини ёдга ола бошлашади. Ўзларининг хотиралари билан вақтларни ўзгартириб юборишади. Деменцияга учраган хасталарнинг кундалик ҳаётлари ўзгаради, улар энди ўз-ўзларига хизмат қила олишмайди. Кийиниш, шахсий гигиенага риоя қилиш, овқатланиш қобилиятлари унутилади. Жамият тартиблари ўз аҳамиятини йўқотади. Охир-оқибат бемор атрофдагиларга тўлиқ тобе бўлиб қолади.

Олимлар Лондоннинг Ҳэмпстед-Ҳит парки бассейнида сузувчи «моржлар» қонида илк марта махсус «совуқ шок» оқсилини аниқлашга муваффақ бўлишди. 
Ушбу оқсил деменция  ривожланишини сусайтиради ва сичқонлар устида ўтказилган тажрибаларда исботланганидек, ҳатто ушбу касаллик натижасида зарарланган асаб толаларини қайта тиклашга қодир. 

Кембриж университетининг Деменцияни ўрганиш бўйича тадқиқот маркази раҳбари, профессор Жованна Маллуччининг сўзларига кўра, ушбу кашфиёт Альцгеймер касаллиги ривожланишининг олдини олишга ёрдам берувчи янги дори яратилишига туртки бўлиши мумкин. 

Олимларни биринчи навбатда деярли барча сутэмизувчиларнинг паст ташқи ҳарорат таъсири остида карахт ҳолатга тушиш қобилияти қизиқтиради. Бундай ҳолатда танадаги барча ҳаётий жараёнлар секинлашади.

Аниқ ютуқларга қарамай, ушбу тадқиқот ҳали бошланғич босқичда. 

Буюк Британияда ҳозирги кунда қарилик деменциясининг турли даражаларидан 1 миллиондан ортиқ бемор азият чекмоқда ва бу рақам 2050 йилга келиб икки бараварга ортади. 

Ушбу касалликдан самарали даволаш усули ҳали яратилмаган. 

Айиқлар ва типратиканлар
Инсон тана ҳарорати совишининг мияни муайян ҳолатларда ҳимоя қилиши мумкинлиги шифокорларга аввалдан маълум.

Мия жароҳати олган инсонларга ёки юрак жарроҳлик амалиёти олдидан тана ҳароратини пасайтириш орқали анабиоз киритилади.