Жамият | 19:11 / 06.02.2018
43291
4 дақиқада ўқилади

Уйқусиз 11 кун: 264 соат ухламаган ўқувчи тажрибаси

Фото: Anews

1963 йилда бутун Америка диққатини икки ўқувчининг тажрибаси тортди. Улар узоқ вақт давомидаги уйқусизлик инсоннинг когнитив қобилиятларига қандай таъсир қилишини текширишга қарор қилдилар. Натижада, кўнгилли бўлишга рози бўлган ўсмирлардан бири 264 соат давомида ухламади ва Ҳонолулудан бўлган дижейнинг 260 соатлик рекордини янгилади.

Тажриба 1963 йилнинг декабрь ойи охирида бошланди. Икки ўсмир ақл бовар қилмайдиган ишни қилишни хоҳлади ва якунда улар тананинг уйқусиз ҳолдаги аҳволига эътибор қаратдилар. Улар нафақат уйқусизлик бўйича жаҳон рекордини янгиламоқчи бўлишди, балки паранормал қобилиятларга таъсирни ўрганишга интилишди. Ўқувчиларда бундай кенг кўламли тадқиқотлар учун етарлича малака бўлмаган учун, улар уйқу етишмаслигининг когнитив қобилиятлар ва баскетболдаги кўникмаларга таъсирини ўрганишга қарор қилишди.

Фото: Anews

Икки ўсмирдан қайси бири кўнгилли бўлишини аниқлаш учун, дўстлар шунчаки танга ташлашди ва танлов 17 ёшли Рэнди Гарднерга тушди. Унинг жамоадоши Брюс Маккалистер ҳам ухламаслиги лозим эди, сабаби у дўсти ҳолатини кузатиб борди. Сўнггисининг таъкидлашича, уч уйқусиз кечадан сўнг, у деворга эслатмаларни ёзишга уринаётган пайтда ўзига келган. Натижада дўстлар уларга ёрдамчи керак, деган қарорга келишди, шунинг учун дўстлари Жо Марчианони ишга жалб қилишди, кейинчалик эса уларнинг сафига уйқуни ўрганиш билан шуғулланувчи, Стэнфорд профессори Уильям Демент ҳам қўшилди.

Фото: Anews

Ўшанда олим уйқу бўйича илк тадқиқотчилардан бири эди ва газетада ўсмирлар ҳақида эшитиб, дарҳол ёрдамга келди. Рэндининг ота-онаси ўғлининг аҳволидан ташвишга тушганлари учун ёрдам беришга қарор қилди, сабаби ўшанда уйқусизликнинг ўлимга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас эди. Шуниси эътиборга лойиқ-ки, ўсмирнинг уйқусизлиги ҳеч қандай рағбатлантирилмаган ва қандайдир дори-дармонларни ишлатиш эҳтимоли ҳатто муҳокама қилинмаган, аммо баъзан ўсмир бироз кола ичган.

Фото: Anews

Уйқусизликнинг одам имкониятларига таъсирини текшириш учун Рэндидан вақти-вақти билан таъм ва ҳидни фарқлаш, шунингдек, баскетбол ўйнаш қобилиятларини кўрсатиб беришни сўрашган. Ўсмир ухламасликка уринган ҳолда майдончада узоқ вақт қолган, шунинг учун машғулотлар туфайли унинг маҳорати сезиларли даражада яхшиланди. Рэнди баскетбол ёки боулингни кўп ўйнарди, чунки фақатгина ҳаракат унга ухламасликка ёрдам берди.

Фото: Anews

Тажриба ривожлангани сари, у кўпроқ оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди ва бир вақтнинг ўзида барча газеталар Кеннедининг ўлимига, АҚШга The Beatles ташрифи, шунингдек, ўсмирларнинг тадқиқоти ҳақида ёзган. Маккалистернинг таъкидлашича, кўпинча уларнинг иши ўсмирларнинг ўйинлари сифатида қабул қилинган. Якунда тажриба уйқусиз 264 соатлик кўрсаткичда тугади, аммо у якунланганидан сўнг Рэнди Гарднер мия ишини текшириш учун ҳарбий шифохонага дарҳол олиб кетилди.

Фото: Anews

Тажрибадан кейинги биринчи кун Гарднер 14 соат давомида дам олди ва унда тез уйқу фазаси жуда узоқ бўлди. Кейин у камая бошлади ва охир-оқибат нормал ҳолатга қайтди. Тадқиқот материаллари Аризонага таҳлил қилиш учун юборилди ва маълум бўлишича, ўсмир миясининг баъзи қисмлари бутун тажриба давомида уйқуда, бошқалари эса, аксинча, уйғоқ бўлган. Шундай қилиб, мия баъзи қисмларга дам олиш ва иш самарадорлигини сақлаб қолиш имконини берган.

Фото: Anews

Уйқусиз кечган 11 кун Рэнди соғлиғига таъсир қилмаган бўлсада, кейинги йилларда у уйқусизликдан азоб чекди. Рекорд ўрнатилгандан сўнг, Гиннес рекордлар китоби янги ташаббусларни қабул қилишдан бош тортди, чунки бундай тажриба одам саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин.

Мавзуга оид