Ўзбекистон | 21:40 / 06.02.2018
10577
3 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат аграр университети қошида Конфуций институти ташкил этилади

Фото: Тошкент давлат аграр университети

Тошкент давлат аграр университети Хитой халқ республикасининг Шинжон Аграр университети билан имзоланган меморандум асосида ТошДАУ қошида Конфуций институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Конфуций институти давлат ўқув муассасаси саналиб, Хитой давлати университетлари ва бошқа давлатлардаги университетлар ҳамкорлигида тузилади. Бугунги кунда дунё бўйлаб 500 дан ортиқ “Конфуций институт”лари фаолият юритмоқда. Уларнинг мақсади дунёга Хитой тилини ва Конфуций фалсафасини тарғиб этишдан иборат.

Аммо айнан қишлоқ хўжалиги йўналишида Конфуций институти ташкил этилиши дунё тажрибасида бўлмаган ва илк бор Тошкент давлат аграр университети қошида ташкил этиладиган бу институт икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида қишлоқ хўжалигида таълим ва илм-фан соҳасида янги инновацион технологияларни яратишга кўмаклашади.

Конфуций институтини Тошкент давлат аграр университети қошида ташкил этилишидан асосий мақсад университетнинг иқтидорли талабалари Хитой университетларида қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олишлари, профессор-ўқитувчи ва талабаларни алмашинувини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга оширишдан иборат бўлади.

Илмий-тадқиқот ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг январь ойида Шинжон Қишлоқ хўжалиги академияси қошидаги “Боғдорчилик” институти раҳбар ходимлари университетга ташриф буюрди. Ташриф давомида икки томонлама меморандум имзоланди ва “Ўзбекистон шароитида унаби етиштиришда хитой технологияларини қўллаш” мавзуси бўйича лойиҳани 2018 йил апрель ойидан бошлаб университетнинг экспериментал-тажриба станциясида амалга ошириш режалаштирилди.

Бундан ташқари, университет олимлари Шинжон қишлоқ хўжалиги университети олимлари билан жорий йилда яна иккита йирик - “Ғўзани биологик ҳимоя қилишда Хитой технологияларини қўллаш” ва “Стрессга чидамли қишлоқ хўжалиги экинлари генофондини яратиш” лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилди. Ушбу лойиҳалар жорий йилда ХХР Фан ва Технологиялар кўмитаси ва Ўзбекистонни Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан молиялаштирилади ва амалга оширилади.

Конфуций институтини Тошкент давлат аграр университети қошида ташкил этиш бўйича музокараларни олиб бориш мақсадида университетга 2 февраль куни Ўзбекистоннинг ХХР даги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов ташриф буюрди ва университет ректори, академик Ботиржон Сулаймонов билан учрашди. Учрашувда Шинжон қишлоқ хўжалиги университети вакиллари ҳам иштироқ этишди.

Учрашув давомида Конфуций институтини Тошкент давлат аграр университети қошида ташкил этиш ва Ўзбекистон ҳамда ХХР қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид