Жамият | 00:48 / 06.02.2018
65368
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда никоҳни энди фақат суд орқали бекор қилиш режалаштирилмоқда

Фото: buyukyurt.uz

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5325-сонли фармонининг 7-иловаси — Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган.

Ҳужжатда бир қатор янгиликлар назарда тутилмоқдаки, улар якунда никоҳ ва оила тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига киритилади, деб ёзади Norma.uz.

Биринчидан, никоҳ тузмоқчи бўлган шахсларга тиббий кўрик натижалари бўйича маълумотнома беришда уларнинг соғлиқликлари ҳақида ёлғон ва нотўғри маълумот берган тиббиёт муассасаси раҳбари ва ходимларининг масъулияти кучайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача кўрик натижалари учун масъуллик фақат уни ўтказган врач зиммасида эди.

Иккинчидан, турмуш қурмоқчи бўлган шахслар махсус ўқув дастурига кўра оила асослари бўйича мажбурий ўқув курсларини ўтайди. У илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилади.

Айни пайтда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш қоидаларининг 78-бандига кўра, ариза қабул қилишда ФҲДЁ органи турмуш қураётганларга унинг тартиб ва шартлари, бўлажак эр-хотин ва ота-онани ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш билан чекланади. ФҲДЁ органи турмуш қураётган шахсларнинг бир-бирларининг саломатлик ҳолати, оилавий аҳволидан хабардорлигини ҳам текшириб кўради ва никоҳ тузишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар яширилмаслигидан огоҳлантиради.

Учинчидан, никоҳни қайд этиш муддати узайтирилади (айни дамда муайян муддат кўрсатиб ўтилмаган). Бугунги кунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш қоидаларининг 73-бандига кўра, турмуш қуришни истаганлар ўрнатилган тартибда ариза топширишганидан сўнг бир ой муддат ўтгач, ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилади. Бу муддат ҳаётда бундай жиддий қадам ташлаш учун етарли эмас, деб топилган.

Тўртинчидан, никоҳни бекор қилишни фақат суд тартибида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш қоидаларининг VI боби 1- ва 2-параграфларига биноан, вояга етмаган умумий фарзандлар бўлмаган ҳолатда эр-хотиннинг ўзаро розилиги билан бу ишни ФҲДЁ органи амалга оширади. Бундан ташқари, эр-хотиннинг вояга етмаган умумий фарзанди бор-йўқлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органи эр-хотиндан бирининг дом-дараксиз кетган, руҳий касаллик туфайли лаёқатли эмас деб топганда, ёки эр-хотиндан бири 3 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилганда никоҳни бекор қилиши мумкин.

Бешинчидан, ярашув учун ажратилган муддат 1 йилгача узайтирилади. Айни пайтда Оила кодексининг 2-қисми 40-моддасига кўра, суд ишни кўриб чиқишни кечиктириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муддат ажратишга ҳақли.

Олтинчидан, никоҳни бекор қилишда эр-хотиннинг мулкий жавобгарлигини жорий этиш таклиф этилмоқда. Гап товон пули ҳақида кетмоқда ва у жаҳон юридик амалиётида ажрашиш учун ташаббускор бўлган оила аъзоси томонидан тўланади.

Қайд этмоқ жоизки, бутун 2018 йил давомида ўтувчи меъёрий ҳужжатларни қайта ишлаш жараёнида кўрсатиб ўтилган янгиликлар таҳрирланиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид