Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финляндияда смартфондаги ҳайдовчилик гувоҳномалари синови бошланди
Финляндияда смартфондаги ҳайдовчилик гувоҳномалари синови бошланди. Агар синовлар муваффақиятли ўтса, унда финляндиялик ҳайдовчиларга ўзлари билан ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб юришга ҳожат қолмайди, деб ёзмоқда New Atlas. Унинг ўрнига махсус дастур ўрнатиладиган смартфон кифоя қилади.
Ғоя муаллифларининг таъкидлашларича, бунда нафақат ҳайдовчиларга қулайлик яратилади: бугунги кунда телефондан кўра гувоҳномани уйда қолдириб кетиш эҳтимоли каттароқ. Бундай ечимдан ҳайдовчиларни қайд қилиш тизими ютади ва самаралироқ бўлади. Чунки рақамли ҳужжатларда суратни алмаштириш учун уларнинг амал қилиш муддати якунланишини кутишга, хато кетса, янгидан чиқаришга ҳожат бўлмайди.
Бундан ташқари, назорат қилувчи идоралар интерактив ҳужжат олишади ва бу ҳужжатда қоидабузарликлар ёки аксинча анча вақтдан бери уларга йўл қўйилмагани ҳақидаги маълумотларни киритиш мумкин бўлади.
Ғоя муаллифларининг айтишларича, дастур жудда оддий ишлайди. У ўрнатилгандан кейин фойдаланувчи миллий маълумотлар базасида қайд қилинади. Дастур ҳар гал очилганда, масалан, полициячига кўрсатиш учун, у фойдаланувчининг давлат идораларига борганида олинган охирги сурати билан бирга маълумотлар базасидаги сўнгги маълумотларни чиқаради.
Тизим бир қатор ҳимоя функцияларига эга. База билан ҳар гал ишланганда ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини ўрнатишга имкон берувчи махсус QR-код шакллантирилади. Бироқ Европа Иттифоқи ҳозирча виртуал ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олмаяпти. Шу сабабли у ҳозирча Финляндияда анъанавий ҳайдовчилик гувоҳномаларига қўшимча сифатида қўлланиши мумкин.
Шунга ўхшаш синовлар Хитойда ўтмоқда, бироқ у ерда шахсий паспортлар рақамлаштирилди. Энди Ухань шаҳрида яшовчилар ўзлари билан паспорт олиб юришлари керак бўлмайди. Уларга ўз шахсларини тасдиқлаш учун смартфон ва махсус дастур кифоя қилади.