15:39 / 10.02.2018
25379

Тожикистонда оммавий заҳарланиш, қурбонлар бор

Фото: Fotolia

Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти Ишкашим туманидаги икки қишлоқда оммавий заҳарланиш юз берди. Маҳаллий тадбиркор томонидан олиб келинган буғдойдан тортилган ундан тайёрланган таомларни истеъмол қилган одамлар заҳарланган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.

Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти давлат ҳокимияти ижро органи матбуот котиби Нилуфар Асламшоеванинг фейсбукдаги саҳифасида хабар беришича, ўтган йилнинг август ойида маҳаллий тадбиркор, Питун қишлоқ жамоати Туғоз қишлоғида яшовчи шахс Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти Хамадоний туманида сотиб олинган 5,4 минг килограмм буғдойни қишлоққа олиб келган.

Тадбиркор буғдойни маҳаллий аҳолига сотган, улар эса тегирмонда ун тортишган. Маълум бўлишича, буғдой таркибида гелиотроп заҳарли ўсимлиги бўлган.

Заҳарланиш бўйича илк ҳолатлар жорий йилнинг 17 январь куни рўй берди. Вилоят шифохонасига Қурбонбековлар оиласининг 5 аъзоси олиб борилди. 

Шифокорлар уларда гелиотропик заҳарланишли гепатитни аниқлашди, бу организмга гелиотроп заҳарли ўсимлиги тушгани сабабли рўй берган. 31 январь куни шифохонада Қурбонбековлар оиласининг 11 ёшли аъзоси вафот этган.

Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти раҳбари Жамшид Шодихонийнинг топшириғи билан мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи тузилди, у Ишкашим туманига юборилди. Айнан ўша ерда одамларнинг заҳарланишига нима сабаб бўлгани аниқланди.

Ҳозирги пайтда шифохонада 19 киши қолмоқда, улар орасида 8 нафар бола ҳам бор. Бир бола оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Top