Ўзбекистон | 18:55 / 16.02.2018
19695
2 дақиқада ўқилади
Реклама

Бухорода қўй жунини қайта ишлаш бўйича инновацион кластер ишга туширилади

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда чорвачиликни ривожлантириш орқали қимматбаҳо қоракўл тери, гиламбоп жун, пўстинбоп қўй терисини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусан, бу йўналишда Президентимиз томонидан 2017 йил 16 мартда қабул қилинган “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор муҳим омил бўлмоқда.

Маълумки, Бухоро вилояти мамлакатимизда чорвачилик соҳасида етакчи ҳудудлардан ҳисобланади. Бунда, айниқса, қўй жунини қайта ишлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Ана шундай корхоналардан бири “KOMTEKS PPOSH” МЧЖ Когон туманидаги ихтисослашган замонавий корхона бўлиб, жамият томонидан Ўзсаноатқурилишбанк кредит маблағлари кўмагида аҳолидан қўй жунини сотиб олиш, уни қайта ишлаш, саноат маҳсулотларини тайёрлаш ва хорижий давлатларга экспорт қилиш бўйича янги инновацион кластер ишга туширилади.

Бу ерда маҳаллий аҳолидан харид қилинган жун маҳсулотлари орқали ип калава ва юмшоқ кўрпалар тайёрланиб, маҳаллий ва жаҳон бозорига етказиб берилиши режалаштирилган.

Умумий 3 босқичдан иборат мазкур лойиҳани амалга ошириш учун  “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 12 миллиард сўм (Хитой давлат тараққиёт банки кредит линиялари ҳисобидан 1,5 млн. АҚШ доллари) миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида 3000 тонна қўй жунидан 1500 тонна соф хом-ашё, 400 тоннадан ортиқ тайёр ип-калава, 100 минг дона юмшоқ кўрпалар тайёрланиб, 1000 тонна жун толалари экспорт қилинади.

Лойиҳа ишга тушиши билан  йилига 2 миллиард сўм ва хорижга 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиниб, жами 27 миллиард сўмлик сифатли маҳсулот тайёрланади.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг бундай истиқболли сармояси эвазига Бухоро вилоятининг 200 нафар ёш йигит-қизлари учун янги иш ўринлари яратилиши билан бирга, маҳаллий хом-ашёни қайта ишлаш имконини берувчи замонавий ишлаб чиқариш — кластер комплекси яратилади.  

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид