Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Эронга Сурияда мустаҳкам ўрнашиб олишига йўл қўймайди — Нетаняҳу
Эрон Сурияда эркин ҳаракат қила олмаслиги учун Исроил бор кучини ишга солади. Бу ҳақда Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича конференцияда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу таъкидлаб ўтган, деб ёзади ТАСС.
«Эроннинг Суриядаги ниятлари равшан, — деган у. — Эрон Теҳрон ва Тартусни бирлаштириб, ягона давлат қурмоқчи». «Исроил Эроннинг Сурияда ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишга бўлган уринишларини тўхтатиб қолади», — дея таъкидлаган Нетаняҳу, Исроил махсус хизматларининг маълумотларига кўра, Теҳрон «Сурияда базалар яратишга интилаётгани»ни қайд этиб.
«Агар зарурият туғилса биз нафақат Эроннинг қўғирчоқлари, Эроннинг ўзига ҳам қарши ҳаракат қиламиз», — деган у.
Унинг сўзларига кўра, Эроннинг Суриядаги можароларга фаол равишда қўшилиши Исроилнинг вазиятга аралашмаслик қарорининг ўзгартирилишига олиб келади.
«Агар [президент Башар] Асад Эроннинг Сурия ҳудудига кириб келишига йўл қўйиб берса, бу бизнинг позициямизни ўзгартиради», — дея огоҳлантирган у. Нетаяҳунинг сўзларига кўра, «Ечим Эрон ва Асадга боғлиқ».
Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Эроннинг Яқин Шарқдаги хатти-ҳаракатлари маълум бир даражада исроилликлар ва арабларнинг яқинлашувига сабаб бўлган.
«Биргина ижобий омил бор — Эроннинг ҳаракатлари араблар ва исроилликларни яқинлашувига сабаб бўлди, эҳтимол, шу йўл билан исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида тинчликка эришармиз», — деган у.
Нетаняҳунинг сўзларига кўра, Теҳрон санкциялар оқибатида ўз сиёсатини ўзгартирмаган ва бутун минтақадаги «хавфли ўйинчи»лигича қолмоқда.
АЭХА инспекциялари
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)ни ҳам Қўшма умумқамровли битим доирасида Эрон ядро дастури бўйича Эрон ҳарбий объектларини етарли тарзда текширувдан ўтказмаётганликда айблаб чиқди.
«Агар ядро қуролига эга бўлиб қолса, Эрон режими янада хавфлироқ тус олади. Унутманглар, АЭХА инспекциялари ҳарбий объектларда ўтказилмаяпти, у ерга уларни қўйишмайди. АЭХА ҳарбий базаларни очишни талаб этмаган, яъни инспекциялар режимини ўзгартириш керак», — деган у.
«Эрон ўзини тажовузкор тутмоқда, баллистик ракеталар ишлаб чиқармоқда, уранни бойитиш билан шуғулланмоқда... Эрон ядровий дастури бўйича битимни бекор қилиш керак, ҳозироқ бу ишни амалга ошириш керак», — дея қўшимча қилган Нетаняҳу.
2017 йилнинг ноябрида бошқарувчилар кенгашига ўз мурожаатномасида АЭХА бош директори Юкия Амано Умумқамровли режалар дастури битими шартлари Эрон томонидан сўзсиз бажарилаётганини, Ислом Республикасида ядро соҳасида махфий ишлар амалга оширилмаётганини таъкидлаган эди. Аманонинг сўзларига кўра, АЭХА Эронда Умумқамровли режалар дастури битими шартларини бузувчи ядро материаллари йўқлигини назорат қилмоқда ва бунинг учун назорат ўтказиш учун барча зарур объектларга эркин кириб чиқиш имкониятига эга.