Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизилчада 3 ойдан сўнг нима ўзгарди? Ҳеч нарса

KUN.UZ сайтида Навоий вилояти Нурота тумани Қизилча қишлоғидаги ижтимоий муаммолар юзасидан 2017 йил 16 ноябрида мақола эълон қилинган эди. Ўша сафаримизда Қизилча қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашиб, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар ўрганилган эди. Уларнинг айримларини яна бир марта ёдингизга соламиз:
- Қизилча қишлоғи аҳолисини мана бир неча йилдирки, ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган ичимлик сув тизимига ичимлик суви Қорабулоқдан тоғ даралари оралаб, махсус ҳовузларда тўпланганидан сўнг келади. 5500 дан ортиқ фуқаро шу қувурлар орқали келадиган сувдан истеъмол қилади. Аммо вилоят ДСЭНМ бошқармаси ушбу ичимлик сувни зарарсизлантирмасдан истеъмол қилишга яроқсиз эканини, унда паразитлар борлигини қайд этган. Қолаверса, аҳоли сони ортиб боргани сайин биргина қувур орқали етказилаётган яроқсиз сув ҳам етишмаяпти. Бундан бир неча йил аввал Қорабулоқдан иккинчи қувурни тортиш учун бюджетдан 800 млн сўм пул сарфланди. Аммо лойиҳалаштириш сифатсиз амалга оширилгани сабабли пул ҳавога совурилди. Айни вақтда ундан фойдаланиш имконсиз.

- 5500 фуқаро учун қишлоқда бирорта ҳам савдо растаси мавжуд эмас. Ҳафтанинг ҳар душанба тонгида бир неча соатлик кўчма бозор ташкил этилади. Аҳоли ҳафталик эҳтиёжи учун маҳсулотларни шу вақтда харид қилиш тадоригини кўради. Бир вақтлар фаолият юритган “Оталар чойхонаси” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
- Қарияларнинг бир неча бор мурожат қилганларига қарамай, қишлоқ врачлик пунктида эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кундузги стационар ўрин ташкил этилиши пайсалга солиб келинмоқда. Бундан ташқари, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, қуввати пастлиги ҳақида ёзилганидан сўнг, ундай муаммо йўқлиги хусусида (бартараф этилгани ҳақида эмас) таҳририятга ҳам вилоят электр таъминоти бошқармасидан мактуб келди. Мурожаат қилган фуқаролардан бири эса, ушбу жавоб хатидаги унинг имзоси қалбакилаштирилганини айтиб, ўзи имзо чекмаганини таъкидлади.
- Ёшларни иш билан таъминлаш муаммоси бир неча йиллардан бери кун тартибида. Бироқ уни ҳал қилиш чоралари кўрилаётгани йўқ. Айрим ёрдамга муҳтож оилаларнинг уй томларини ёпиб бериш каби масалалар ўз ечимини кутмоқда, ҳокимлик ва маҳалла идораси “бажарамиз”дан нарига ўт олгани йўқ.
Биз шу каби муаммоларни ўргангач, туман ҳокимлигига бориб, Нурота ҳокими Жамолиддин Ҳамроев билан учрашгандик. У Қизилчага қувур орқали келаётган сувни зарарсизлантириш ва қишлоқдаги бошқа мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар кўришини таъкидлади. Аммо орадан 3 ой ўтган бўлса-да, қишлоқдан Навоий вилояти Янгибозор автошоҳбекатига қатновчи автобусни айтмаса, бошқа муаммолар, айниқса ичимлик сувини зарарсизлантириш муаммоси бартараф этилмаганини қишлоқ аҳолиси маълум қилмоқда. Қишлоқда жилла қурса 10 та расталик усти ёпиқ бозорча ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётгани аҳолига тушунтирилган, бироқ ҳозирча амалий чора кўрилмаяпти.
Таъкидлаш ўринлики, агар биз халқимиз дуч келаётган ижтимоий муаммоларни катта-кичигига қарамай, фақатгина жавоб мактублари йўллаш билан чекланиб қолмасдан ҳозирданоқ ҳал қилиш чораларини кўрмас эканмиз, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни келгуси авлод ҳам бизлардек ёритишда давом этаверади, бартараф этиш йўлларини қидираверади. Шунга кўра, туман ҳокимлиги қачон юқоридаги муаммолар, айниқса ичимлик суви масаласини ҳал қилиш учун амалий чоралар кўришини яна қанча кутиш мумкин, деган савол фақат ва фақат туман ҳокимлигининг ўзи амалий чоралари билан жавоб бера олади.
Толиб Раҳматов
Мавзуга оид
23:10 / 30.05.2026
Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходими мукофотланди
23:50 / 19.05.2026
Навоийдаги конда яширинча олтин қазиш билан шуғулланган гуруҳ ушланди
17:53 / 11.05.2026
Навоийда куёвини ўлдириш учун киллер ёллаган аёл ушланди
15:40 / 06.05.2026