Ўзбекистонда жиноятларни, асосан, кимлар ва нега қилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2017 йилда мамлакат бўйлаб 73 минг 692 та жиноят қайд этилганини маълум қилди. Вазирнинг айтишича, шуларнинг катта қисми оилавий келишмовчиликлар сабабли яқин қариндошлар бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлар сирасига киради. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар барча жойларда талаб даражасида бажарилмоқда, деб айта олмаймиз. Ҳолбуки, бунинг учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд бўлишига қарамай айрим маҳаллаларда оила-турмуш муносабатлари билан боғлиқ маиший жиноятлар ҳамон учраб турибди», дейди у.
Ушбу жиноятларнинг 62 таси эр хотинига, 10 таси хотин эрига, 119 таси эса яқин қариндошлар томонидан бир-бирларига нисбатан содир этилган. Бундай нохушликлар асосан Самарқанд вилояти (27), Тошкент шаҳри (24), Тошкент (22) ва Фарғона (21) вилоятларида кўпроқ учраган.
«Жиноят – одамлар хавфсизлигига путур етказувчи мудҳиш ҳодиса. Бундай ҳолатлар кўпроқ ёшлар томонидан турли сабабларга кўра содир этилиши кузатилади. Албатта, бир жиноят содир бўлиши ҳам ташвишланарли, бироқ бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар учраётгани янада аянчли ҳолат», дейди Пўлат Бобожонов.
Масалан, рўйхатга олинган жиноятларнинг 9,5 мингдан ортиғи хотин-қизлар томонидан содир этилган. Фарғонада 1 минг 625, Тошкент шаҳрида 1 минг 592, Тошкент вилоятида 1 минг 402, Самарқандда 1 минг 66, Андижонда 972 ва Наманганда 751 нафар аёл жиноятга қўл урган.
Жойларда уюшмаган, тарбияси оғир, иш ва ўқишга жойлашмаган ёшлар 26 минг 579 та жиноят содир қилган. Бунда, мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилган.
Вояга етмаганлар томонидан 1 минг 430 та жиноят, шундан, 778 та ўғирлик, 79 та безорилик, 77 та талончилик, 45 та баданга оғир тан жароҳати етказиш, 42 та босқинчилик ва 29 та фирибгарлик содир қилинган.
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
12:01 / 23.07.2024